8 Феврал 2024 йил 3551

Гулистон шаҳар Тараққиёт маҳалласида содир этилган жиноятлар юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Санжар Джабаров ҳузурида маҳалла фаоллари иштирокида муҳокама йиғилиши ўтказилди.  

Бугун мамлакатимизда жиноятчиликни “маҳаллабай” жиловлаш, аҳолининг кунлик ижтимоий-маиший муаммоларини “оилабай” ва “фуқаробай” ҳал этиш бўйича янгича ишлаш тизими яратилди. Натижада сектор раҳбарлари томонидан фуқароларнинг кундалик ва маиший муаммолари жойида ҳал этилиб, ортиқча оворагарчиликларнинг олди олинмоқда.

Бироқ фуқароларга давлатимиз томонидан яратилаётган шарт-шароит ва имкониятларга қарамай улар томонидан турли ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар содир этиш ҳолатлари юз бермоқда. Гулистон шаҳрида содир этилган оғир турдаги жиноят муҳокамаси бўлиб ўтди. Унда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси, Гулистон шаҳар ҳокимлиги, прокуратура вакиллари ва шаҳардаги сектор раҳбарлари, “Тараққиёт” маҳалласи еттилиги ва фуқаролар иштирок этишди.

Муҳокама чоғида жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва шароити ҳақида сўз юритилди. Бу каби кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олиш учун ҳар бир маҳаллада ишларни жадаллаштириш лозимлиги, ҳар бир раҳбар лоқайдлик ва бепарволикка берилмай ўз хизмат вазифасини масъулият билан бажариш кераклиги алоҳида таъкидланди. Маҳалладаги еттилик ҳудудда келиб чиқаётган муаммо ва турли низоларни вақтида ўрганиб, уларни бартараф этишга масъул эканлиги ва бошқа масалалар юзасидан танқидий фикрлар билдирилди.

Жиноятлар саёқ юриш, бепарволик, ичкиликка берилиш билан кун кечириш туфайли сабаб бўлгани танқид остига олинди. Кунора маҳаллада ким нима иш билан машғуллигини фаоллар яхши билгани, лекин менга тегма, мен сенга қабилида яшаш тарзида давом этиш мудҳиш жиноятларни юзага келишига сабаб бўлгани танқид остига олинди.

Иштирокчиларга содир этилган ҳар бир жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва содир этилишига имкон яратиб берган шарт-шароитлар атрофлича муҳокамаларда тушунтирилди. Бунда жиноятлар ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ва бошқа мутасадди муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эгалиги алоҳида таъкидланиб, масъуллар зиммасига аниқ вазифалар юкланди.

Айтиш керакки, сўнги йилларда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижроси доирасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини амалга оширувчи органлар ҳамда муассасалар иштирокида жиноятларнинг сабабларини ўрганиш, уларнинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш ва бартараф этиш масалаларини жойига чиққан ҳолда «маҳаллабай» ва «соҳабай» муҳокама қилиш тартиби жорий этилган. Бу амалиёт аввало ҳудуддаги криминоген вазиятни яхшилаш ва нуронийлар, кенг жамоатчилик вакилларининг огоҳлиги дахлдорлигини оширишда айни муддао саналмоқда. Эътиборли жиҳати халқ билан бўлаётган мулоқотлар жараёнида жиноятчиликни жиловлаш бўйича аҳоли вакилларининг ҳам таклифлар ташаббуслари ўртага ташланмоқда.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech