Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари — Маънавий - маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида ўрганишлар олиб бормоқда.
Вазир ўринбосари Ховос тумани ҳамда Янгиер шаҳри Ички ишлар бўлимларига ташриф буюрди.
Ховос тумани Ички ишлар бўлимида бўлган вазир ўринбосари аввало, маъмурий бинода ходимлар ва аҳолига яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, мавжуд муаммоларга эътибор қаратиб, туман сектор раҳбарларига кўрсатма ва топшириқлар берди.
Мутасаддилар туманнинг "Тинчлик" маҳалла фуқаролар йиғини жойлашган ҳуқуқ-тартибот маскани биносига бориб, масканнинг шарт-шароитлари билан танишди. Маҳалла бешлиги билан самимий мулоқот давомида амалиётга жорий этилган янги тизим бу борадаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришга хизмат қилишида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши алоҳида таъкидланди.
Шундан сўнг вазир ўринбосари томонидан Янгиер шаҳрида тунги хизматга жалб қилинган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда ҳамкор ташкилотлар ходимларига ҳар бир маҳалладаги профилактика инспекторлари билан ҳамкорликда ишларни ташкил этиш, маҳаллада жамоатчилик биргаликда ҳудудда жиноятчиликни жиловлаш борасида амалий ишларни ташкил этиш юзасидан йўриқномалар берилди.
Янгиер шаҳрининг «Фазилат» маҳалласи шаҳар марказида жойлашган. Вазир ўринбосари маҳаллада жойлашган ҳуқуқ-тартибот масканига ташрифи давомида "бешлик" вакилларининг ҳамкорликда жиноятчиликни олдини олиш борасида олиб борган ишлари билан танишди. Ўрганишлар давомида маҳалланинг криминоген вазиятига таъсир қилаётган омиллар, шунингдек, комплекс ёндашув асосида амалга оширилиши лозим бўлган профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, салмоғи юқори бўлган жиноятларни олдини олишнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда махсус контингент билан ишлаш кераклиги борасида маҳалла бешлигига алоҳида топшириқлар берди.