10 Июн 2022 йил 284

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши 35 сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-6257-сон Фармони ижроси тўғрисида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ҳусанович Бўроновнинг ахбороти эшитилди. 

Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши 35 сессиясида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ижроси тўғрисида вилоят Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Ҳусанович Бўроновнинг ахбороти эшитилди.

Таъкидландики, сўнгги вақтда халқимиз учун фаровон ва муносиб турмуш шароитини яратиш борасида жамиятимизнинг барча соҳаларида шу билан бир қаторда Ички ишлар органларида ҳам изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Айниқса, коррупцияга қарши-курашиш соҳасида тизимли ишлар амалга оширилиб, ушбу салбий иллатни бартараф этишда муросасизлик муҳитини яратиш ҳозирги куннинг энг долзарб масалаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши муросасиз курашишнинг илғор халқаро стандартларга асосланган тизимини жорий этиш бўйича изчил чоралар кўрилиб, ички ишлар органлари фаолиятида очиқлик, ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда мансабдор шахсларнинг аҳоли олдидаги ҳисобдорлигини йўлга қўйиш орқали давлат бошқарувида самарали ва таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Рақамли технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда транспорт воситаларига давлат рақами белгиларини бериш, нотариал ва бошқа давлат хизматларини кўрсатиш, ер участкаларини ажратиш, йўл ҳаракати қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш каби кўплаб соҳаларда коррупция ва суиистеъмолчиликларнинг олдини олишга қаратилган самарали механизмлар жорий этилмоқда. Ачинарлиси, барча кўрилаётган тизимли чораларга қарамасдан айрим соҳаларда ҳанузгача коррупция ҳолатлари сақланиб қолинмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш ва коррупциявий ҳолатларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини ошириш, ушбу жараёнга жамоатчиликни кенг жалб этиш ва коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини шакллантириш мақсадида давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 06 июлдаги ПФ-6257-сон Фармони қабул қилинганлиги бежиз эмас.

Шу ўринда Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат интизоми ва коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида, 2022 йил 19 февраль куни «Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари ўртасида хизмат интизомини бузиш ва коррупцион ҳолатларни олдини олиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш тўғрисида» тегишли буйруқ ишлаб чиқилган. Мазкур буйруқ билан Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармасининг «Коррупциясиз ҳудуд» мақсадли дастури тасдиқланганлиги ва дастурга мувофиқ ҳар бир соҳавий хизмат раҳбарлари вертикал тарзда ишчи гуруҳ раҳбари этиб тайинланганлиги ҳамда уларга ходимлар ўртасида хизмат интизоми бузилишини ҳамда корруциявий омилларни олдини олиш ва унга имкон бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича мақсадли вазифалар юклатилиб, бевосита жавобгарлиги белгиланганлиги депутатларга маълумотлар сифатида келтириб ўтилди.

Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўз ахборотида Ички ишлар вазирлигининг жорий йил 3 мартдаги 56-сонли буйруғи асосида, вилоят Ички ишлар бошқармасининг «Ички ишлар органларида коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш ҳамда коррупциявий омилларни кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 46-сонли буйруғи ишлаб чиқилганлиги ҳамда Ички ишлар органлари ходимларининг хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда пора таклиф қилган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш юзасидан бевосита раҳбарларига ёки шахсий хавфсизлик хизмати ходимларига мурожаат қилган ходимлар пул мукофотлари, идоравий кўкрак нишонлари ҳамда навбатдан ташқари унвонлар билан тақдирланиб келинаётганлигини таъкидлаб ўтди.

Сессияда Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўз ахборотида шахсий манфаатларини давлат манфаатларидан устун қўймаган 6 нафар ички ишлар ходимлари жами 27.000.000 (йигирма етти миллион) сўм миқдорида пул мукофотлари билан рағбатлантирилганлигига маълумот ўрнида келтириб ўтди.

Албатта инсонларнинг кундалик турмушдаги муаммолари билан биринчи галда ички ишлар органлари ходимлари юзлашади. Шундай экан бугун ҳар томонлама малакали ва етук билимли кадрларни ҳар томонлама қўллаб -қувватлаш масалаларида олиб борилаётган ишлар замон талабига мос равишда бўлмоғи лозим. Шундан келиб чиқиб вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи Шуҳрат Бўронов соҳада хизмат қилаётган ходимларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳақида депутатларга батафсил маълумотлар бериб ўтди.

Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Сирдарё вилоят кенгаши 35 сессиясида Ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўз ахборотида ички ишлар идоралари сафида хизмат қилиб келаётган ходимларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида олиб борилаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтди. Сирдарё вилоят ИИБ раҳбари келтириб ўтган маълумотларга кўра

яшаш шароити оғир бўлган 7 нафар ходимларга 142 миллион сўм миқдорида фоизсиз қарзлар берилган, уй-жойга муҳтож бўлган бир нафар ходим Сирдарё вилояти ИИБга қарашли хизмат уйи билан таъминланган, 119 ходимларга эса ижарада турганлик учун 500 миллион компенсация пуллари тўлаб берилган, 14 нафар ходимга тўй сабабли 64 миллион 231 минг сўм, яқин қариндошларини дафн маросимлари учун 3 нафар ходимга 26 миллион 123 минг сўм, ўзи ва фарзандини ҳамда ота-онасини даволатиш учун мурожаат қилган 8 нафар ходимларга касаллик турлари ва даражасига қараб 38 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилган.

Ички ишлар органларида хизмат қилаётган ходимларни бу каби ижтимоий қўллаб -қувватлаш келгусида юртимизда коррупцион ҳолатларни бартараф этишга ҳамда ушбу салбий иллатга қарши муносиб курашишга кўмак бериши шубҳасиз.

Text to speech