15 Май 2025 йил 314

Вазирлик томонидан Гулистон шаҳридаги маҳаллаларда ўрганишлар олиб борилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 3 январь кунидаги «2025 йилда республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан маҳаллаларда ўрганиш ишлари олиб борилди.

Жамиятда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жойлардаги мавжуд муаммоларни ўрганиш ҳамда аҳоли билан бевосита мулоқотни йўлга қўйиш мақсадида Ички ишлар вазири ўринбосари полковник Саидкарим Нишанбаев Гулистон шаҳридаги қизил тоифадаги маҳаллаларда амалий ташриф билан бўлди.

Ташриф доирасида маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ва жамоатчилик вакиллари билан очиқ мулоқотлар ташкил этилди. Учрашувлар давомида жиноятчилик ҳолати, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, хотин-қизлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами билан ишлашдаги долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ички ишлар вазири ўринбосари томонидан профилактика инспекторлари фаолияти, уларнинг моддий-техник таъминоти, хизмат шарт-шароитлари ва жойларда аҳоли учун яратилаётган хавфсиз муҳит бевосита ўрганилди. Аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди.

Шунингдек, ҳуқуқ-тартибот органлари фаолиятини маҳалла фуқаролар йиғини билан ҳамкорликда самарали ташкил этиш, профилактик тадбирларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech