30 Август 2022 йил 512

«Ватанпарварлик ойлиги» доирасида Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимлар учун спектакль ташкил этилди.

Ички ишлар органларида «Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш олий бурчимиз» шиори остида ўтказилаётган «Ватанпарварлик ойлиги» доирасида жорий йилнинг 29 август куни Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзолари учун Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг серқирра ижодкорлари томонидан инсон ва қадрият уйғунлигини ўз асарларида ҳамиша ёнма-ён тасвирлаб, воқелик руҳиятини инсон қалби ва онгига нозиклик билан жойлаб ижод қилган қардош қирғиз халқи адиби Чингиз Айтматовнинг «Сарвиқомат дилбарим...» номли асари асосида саҳналаштирилган спектакль намойиш этилди. 

Фарзанд бу бахтиёр оиланинг мевасидир. Асарнинг бош қаҳрамонлари «Илёс» ва «Асал» ҳамда уларнинг фарзанди «Самадбек»нинг аччиқ тақдирида инсон ҳаёти ва меҳнат фаолиятида оила, инсонпарварлик ва фарзанд қувончи каби пок туйғуларнинг нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўриш мумкин. Ўз навбатида ҳаётнинг ёрқин томонлари билан ёнма-ён юрадиган тубанлик, нафс ва ҳирс, хиёнат каби туйғулар инсон ҳаёт йўлини издан чиқариб, жамиятда ўз ўрни йўқолишига сабаб бўлиши ушбу спектаклнинг бош қаҳрамони «Илёс»нинг тимсолида ёрқин гавдаланган. Шунингдек, Сирдарё вилояти ИИБда ташкил этилган «Санъатда ҳаваскор истеъдодлар» жамоаси аъзоларининг ҳазил-мутойибага бой бўлган саҳна кўринишлари ва ходимлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар Сирдарё вилояти мусиқали драма театрига ташриф буюрган ички ишлар органлари ходимлари ва уларнинг оила аъзоларида катта таассурот қолдирди. Ташкил этилган бу каби маънавий ва маърифий тадбирлар келгусида ходимларни янада инсонпарварлик, ватанга, оилага муҳаббат ва садоқат руҳида хизмат олиб боришини таъминлайди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

Text to speech