20 Июн 2022 йил 443

“Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги янги таҳрирдаги Қонуни амалда самарали натижа бермоқда

Барчага маълумки, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қонунчилиги бу бир текисда ривожланаётган тизим, тизимнинг бош ҳаракати эса фуқаролик қонунчилигини мукаммаллаштириш ва соддалаштиришга, самарадор ҳуқуқий фаолиятини шакллантириш, фуқароликка доир шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳуқуқий механизмларини мустаҳкамлашга қаратилган.

Фуқаролик давлат қурилишининг оғир масалалар туркумига киради. Фуқаролик конституциявий мақом элементи ҳисобланиб унинг бор ёки йўқлиги шахснинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини ҳажмини аниқлайди.

Давлатда доимий яшаб келаётган маълум айрим шахсларда фуқароликнинг йўқлиги, ижтимоий муаммолар манбаси бўлиши мумкин. Шунинг учун фуқароликни қисқартириш ва фуқаросизлик ҳолати келиб чиқишига йўл қўймаслик мажбурияти халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган принципи, Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ҳам фуқаросизликни қисқартириш принципи асосий мақсадлардан бири ҳисобланади.

Шу билан бир қаторда, миллий фуқаролик қонунчилигини ривожланиши ва доимий равишда такомиллашиб бориши зарурлиги, бунинг асоси эса мамлакатда сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда рўй бераётган ислоҳотлар эканлигини таъкидлаб ўтиш зарур.

“Фуқаролик тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олишнинг тартибларини янада соддалаштиришга қаратилган.

Тан олиш институти мутлақо янги институт бўлиб МДҲга аъзо давлатларнинг қонунчилигида назарда тутилмаган, бир сўз билан айтадиган бўлсак, мамлакатимиз ҳудудида ўн беш йил давомида муқим истиқомат қилаётган фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олишни, қонуний асосларга мувофиқ, тўғридан-тўғри фуқаролик олишни ҳуқуқий асослари яратилди ва айнан шу шартга мувофиқ, ўн беш йил муқим яшаб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахс томонидан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш зарурияти қолмади.

Қонунга киритилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар қуйидаги янгиликларни ўз ичига олади:

2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган шахсларини Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш;

ўн беш йил давомида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фуқаролиги бўлмаган шахс мақомида муқим яшаб келаётган шахсларни Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиш;

ота-онасидан бири Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олинган болаларни Ўзбекистон Республикаси фуқароси деб тан олиш;

- Ўзбекистон Республикаси ҳудудида туғилган фуқаролиги бўлмаган шахсларни фуқаролиги бўлмаган шахс гувоҳномаси асосида беш йил яшамасдан Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини олиш учун илтимоснома билан мурожаат қилиш учун ҳуқуқий асос яратилди.

Бунинг натижасида, вилоятимизда доимий истиқомат қилиб келаётган фуқаролиги бўлмаган шахслардан 2020 йилда 2.264 нафар, 2021 йилда 2.546 нафар, жорий йилни ўтган даврида эса 418 нафар, жами 5.228 нафари Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига тан олиндилар.

 Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech