9 Апрел 2022 йил 279

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Сирдарё академик лицейида “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Сирдарё академик лицейига 2022-2023 ўқув йили учун номзодларни сифатли танлаш мақсадида вилоятдаги умумтаълим мактабларида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Академик лицей ўқитувчилари ҳамда жойлардаги масъул ходимлар томонидан вилоятда жойлашган умумтаълим мактабларининг 9-синф ўқувчилари ўртасида тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилиши билан бир қаторда, мазкур мактаб ўқувчилари академик лицейга таклиф этилмоқда. Уларни лицейда яратилган шароитлар билан яқиндан таништириш мақсадида 2022 йилнинг 07 апрель куни ИИВ Сирдарё академик лицейида “Очиқ эшиклар куни” ўтказилди. Тадбирга Сирдарё туманидаги 13 ва 15-сонли умумтаълим мактаб ўқувчилари ва педагоглари таклиф этилди.

Мактаблардан таклиф этилган педагог ва ўқувчилар академик лицейда ўқувчилар учун яратилган имкониятлар, фан ва спорт тўгараклари фаолияти, ўқувчиларга таълим бераётган ўқитувчиларнинг педагогик маҳорати, ўқувчиларнинг таълим соҳасидаги ва спортда эришган ютуқлари, лицей битирувчиларининг олий таълим муассасаларида ўқишни давом эттириш даражаси билан яқиндан таништирилди.

Тадбир давомида педагоглар ва мактаб ўқувчилари лицейда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун тайёрланган махсус фанлар синфхоналари, спорт зали, кутубхона ҳамда тўгараклар фаолияти билан таништирилиб, уларга ўқиш истагини билдирганлар учун ҳужжатларни расмийлаштириш, танловларни ўтказиш тартиби, зарурий ҳужжатлар ва қабул муддатлари ҳақида тўлиқ маълумотлар берилди. 

Бундан ташқари, тадбир иштирокчилари академик лицей ўқувчилари томонидан Амир Темур таваллудининг 686 йиллигига бағишлаб тайёрланган «Куч-адолатдадир» маънавий-маърифий тадбирида иштирок этиб, саҳна кўринишлари ва билимлар беллашувларини мароқ билан томоша қилишди.

Учрашувда мактаб ўқувчилари ўзларини қизиқтирган саволларга етарли жавобларни олишди.

Text to speech