Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари тарихи «Аждодлар изидан авлодлар» номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрель кунидаги ПҚ-5050-сон қарори билан тасдиқланган Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепциясига асосан жорий йилнинг 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан чоп этилган Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари тарихи «Аждодлар изидан авлодлар» номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ушбу китоб тақдимоти Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар органлари ташкил этилганлигининг 30 йиллиги муносабати ташкил этилган байрам тадбирида ўтказилиб, унда Сирдарё вилояти ҳокими, вилоят идора ва ташкилот раҳбарлари, вилоят раҳбарияти ва шахсий таркиби, фахрийлар ҳамда муқаддам Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси бошлиғи лавозимида хизмат қилган фахрийлар иштирок этишди. Китоб тақдимоти давомида ушбу китоблар тадбирга ташриф буюрган меҳмонларга тақдим қилинди.
«Аждодлар изидан авлодлар» китобида Сирдарё вилоятининг тарихи, иқтисодий ва маънавий-маданий тараққиёт йўли, ички ишлар органларида ҳалол, беминнат хизмат қилган ходимлар, ўзларининг азиз жонларини хавф остига қўйиб бўлса ҳам бурчларини шараф билан бажарган, кечани кеча, кундузни кундуз демай ўз ҳаётини эл-юрт тинчлигини сақлашга, жиноятчиликка қарши кураш ишига бағишлаган оташқалб инсонлар, беором қалб эгалари ҳақида ҳикоя қилинади.
Китобдаги воқеаларда 1963 йилдан бошлаб яъни, Сирдарё вилояти ташкил этилганидан бошлаб ҳозирги кунга қадар бўлган вақт оралиғида Сирдарё вилояти ички ишлар органлари тарихи, ички ишлар органлари соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар, шунингдек вилоят ички ишлар бошқармаси ва тизимдаги хизматлар, шаҳар-туманлар ички ишлар бўлимлари фаолияти, фидойи инсонлар, ҳар бир шаҳар-тумандаги энг эсда қоларли ишлар, жиноятчиликка қарши кураш, жамоат тартибини сақлаш борасидаги ҳаяжонли воқеалар ҳақида батафсил маълумотлар берилган.
Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.