«Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» муносабати билан Сирдарё вилоятида профилактик йўналишдаги турли чора-тадбирлар амалга оширилди
Тадбир вилоят прокурори ва Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи раҳбарлигида ўтказилган кенгайтирилган йиғилиш билан бошланди. Йиғилишда жорий йилнинг ўтган давридаги жиноятчилик ҳолати таҳлил қилиниб, жамиятда хавфсизликни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Профилактика куни доирасида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этган шахсларнинг қилмишлари онлайн сайёр судларда кўриб чиқилди. Бундан ташқари вилоятнинг барча туман ва шаҳарларида профилактика инспекторлари, хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари ҳамда маҳалла отинойилари билан ҳамкорлигида маҳаллаларда «уйма-уй» юришлар ташкил этилди. Жиноят содир этишга мойил шахслар, профилактик рўйхатда турган фуқаролар, муҳтож оилалар ҳолати ўрганилиб, улар билан манзилли суҳбатлар олиб борилди. Шунингдек, ҳуқуқбузарликларга мойил бўлган ёшлар билан психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар ташкил этилди.
Шунингдек, Қўриқлаш бўлими ва унинг қуйи тизимлари томонидан маҳаллаларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида жойларда бир қатор тизимли ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Сирдарё вилояти ИИОлари пробация хизмати ходимлари ташаббуси билан жойларда меҳнат ярмаркалари ва сайёр суд мажлислари ташкил этилди. Шунингдек, ҳисобда турувчи шахслар ҳамда иш излаётган фуқаролар учун турли соҳаларда бўш иш ўринлари таклиф қилиниб, уларнинг фаол меҳнат бозорига қўшилишига кўмаклашилди.
Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ходимлари томонидан ҳудудларда тарғибот тадбирлари ташкил этилди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Сирдарё вилоятида «Пайшанба – профилактика куни» фақатгина якка чора-тадбир эмас, балки аҳоли билан самарали мулоқот, жиноятчиликка қарши кенг қамровли ҳаракатлар тизимининг муҳим бир бўғини ҳисобланади. Бундай ташаббуслар орқали жамиятда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашга қаратилган ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати