10 Декабр 2022 йил 204

“Улуғ халқнинг мангу қўшиғи”. Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида “Маънавият ва маърифат” дарси “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг 30 йиллигига” бағишлаб ўтказилди.

Давлатимиз мадҳияси келажагимиз эгаларида она Ватанга меҳр-муҳаббат туйғуларини шакллантиришда, фарзандларимизнинг ҳар томонлама етук ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етишишида муҳим тарбиявий восита бўлиб хизмат қилмоқда. Шу боисдан ҳам миллий тимсолимиз мамлакатимиз мустақиллиги, халқимиз озодлиги, давлатимизнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, фаровон жамият қурилиши йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундайдиган умрбоқий қўшиқдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 апрель кунидаги 5050-сонли қарори билан тасдиқланган “Ички ишлар органларида маънавий-маърифий ишларни ташкил этиш концепцияси” ҳамда Ички ишлар Вазирининг 2021 йил 21 октябрь кунидаги “Ички ишлар органлари маънавий-маърифий ишлар хизмати фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 400-сон буйруғи асосида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида ўтказиб келинаётган навбатдаги “Маънавият ва маърифат” дарси “Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳиясининг 30 йиллигига” бағишлаб ўтказилди.

Ушбу “Маънавият ва маърифат” дарси Ички ишлар органлари ходимлари томонидан Давлатимиз мадҳиясини ижро этиш билан бошланди.

Шундан сўнг “Маънавият ва маърифат” дарсига таклиф этилган Гулистон давлат университети профессори, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Махмудов Равшанбек Жалилович томонидан ходимларга Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ҳамда Ўзбекистон халқ артисти, таниқли бастакор Мутал Бурхоновнинг ижод маҳсули бўлган боқий қўшиғимизда бой тарихимиз, миллий анъана ва қадриятларимиз, тинчлик-осойишталигимиз, миллатлараро тотувлик ва биродарлик каби умуминсоний туйғулар тараннум этилганлиги, шунингдек, Давлат мадҳиясининг қабул қилиниш тарихи тўғрисида маълумотлар бериб ўтилди.

Ташкил этилган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ҳар бир ходимни ватанига, халқига, ва оиласига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлаб, “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш – олий бурч” эканлигини ҳис қилган ҳолда ҳалол хизмат олиб боришини таъминлайди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

Text to speech