5 Март 2022 йил 623

Тезкор! Сирдарёдаги манзил колонияда жазо ўтаётган шахс томонидан тузилган экстремистик “виртуал гуруҳ” фаолиятига чек қўйилди. 

Ўзбекистон Республикаси ДХХ Сирдарё вилояти бўйича Бошқармаси ва вилоят Ички ишлар Бошқармаси ходимлари томонидан олиб борилган тезкор тадбирлар натижасида, 2018 йилда “Тавҳид ва Жиҳод Катибаси” халқаро террористик ташкилотига аъзолиги учун 6 йилга озодликдан маҳрум этилиб, 2020 йилдан буён Гулистон туманидаги манзил колонияда жазо ўтаётган, 1991 йилда туғилган “П.С.” ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, интернет ижтимоий тармоқлари орқали пинҳона равишда бошқа маҳкумларга ва озодликдаги танишларига экстремистик ва ақидапарастлик руҳидаги материалларни тарқатиб келганлиги аниқланган.

Хусусан, ушбу маҳкум, республиканинг турли вилоятларидаги жазони ижро этиш манзил колонияларида сақланаётган 20 нафар маҳкум ва 11 нафар озодликда юрган фуқаролар билан алоқада бўлиб, бузғунчи ғоялар тарғиботи ва келажакда Суриядаги жангарилар сафига чиқиб кетишни муҳокама қилиб келганлар.

Жорий йилнинг 28 февраль - 1 март кунлари Ўзбекистон Республикаси ДХХ-ИИВ ва ҳудудий Бошқармалари ҳамкорлигида Прокурор санкциясига асосан, юқорида таъкидланган 31 нафар фуқароларнинг жазони ўташ ва яшаш манзилларида тезкор-тергов ҳаракатлари амалга оширилди.

Аниқланган ашёвий далиллар ва электрон ташувчи мосламаларда сақланган материалларда ақидапарастлик ғоялари мавжудлиги хусусида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин Ишлари бўйича Қўмитасидан олинган экспертлик хулосасига биноан, Сирдарё вилоят ИИБ ТБ томонидан ЖКнинг 244 прим 1-моддаси 3-қисми “а,Г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳозирда жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

 Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech