19 Июл 2024 йил 2866

Тест синовларини ўтказишда “Face ID” тизими орқали абитуриентларнинг биометрик ва паспорт маълумотлари текширилиб, назорат қилинмоқда

Сирдарё вилояти Гулистон шаҳридаги Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлимида ўтказилаётган олий таълим муассасаларига кириш учун тест синовларида абитуриентларнинг биометрик ва паспорт маълумотларини текшириш орқали назоратдан ўтказилмоқда.

Назорат ўтказиш пунктларида Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизматлари томонидан махсус планшет қурилмаларидан фойдаланган ҳолда абитуриентларни “Face ID” тизими орқали шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда. Бошқа шахслар ўрнига имтиҳонга кириш ҳолатлари аниқланганда абитуриент ўрнига имтиҳон топширишга келган шахсларга қонунчилигимизда белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.

Тест синовлари ўтказиладиган объектлар ва уларнинг атроф-ҳудудида жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизликни таъминлаш билан биргаликда шубҳа туғдирган абитуриентларни биометрик ва паспорт маълумотларини текшириш учун мўлжалланган махсус планшет қурилмаси ёрдамида уларнинг юз кўриниши(Face ID)дан биометрик ва паспорт маълумотларини текшириш орқали шахсини аниқлаш механизми ишлаб чиқилган.

Бу тизим тест синовлари ўтказишда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш, кириш имтиҳонлар ўтадиган Олий таълим муассасалари ҳудудида бегона шахслар ҳозир бўлишининг олдини олади.

Тест имтиҳонларига бир абитуриент ўрнига бошқа одам киришининг олдини олиш мақсадида Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги Сирдарё вилояти бўлимининг кириш жойларида назорат ўтказиш пунктлари ташкил этилган. Ушбу жойларда юзни таниб олувчи камералар ўрнатилиб, бу камералар орқали имтиҳонга абитуриент ёки бошқа шахс келганлиги аниқланади. Ушбу камераларда абитуриентнинг шахси унинг фотосурати орқали аниқланмаган ҳолларда, Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш хизмати ходимлари томонидан абитуриентларнинг биометрик ва паспорт маълумотларини текшириш орқали уларнинг шахсига аниқлик киритилади.

Эслатиб ўтамиз, бу йилги тест синовлари жорий йилнинг 14 июль санасидан бошланган.

Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech