Таълим муассасаларида рейд тадбирлари амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 03 апрель кунидаги 5050-сон қарорига мувофиқ Ички ишлар вазирлиги ва Халқ таълими вазирлигининг «Хавфсиз таълим муассасаси» тамойили асосида вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш мақсадида Гулистон шаҳар ички ишлар органлари таркибида вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психолог лавозимлари янгидан жорий этилиб, уларнинг бевосита хизмат ўташ жойи этиб умумий ўрта таълим муассасалари белгиланди. Инспектор-психологлар зиммасига ҳар бир ўқувчи кесимида умумий ўрта таълим муассасаларида психологик муҳитни яхшилаш, вояга етмаганлар орасида қонунбузилишларга муросасиз муносабатда бўлиш ҳиссини шакллантириш, муаммоли ўқувчилар билан уларнинг яшаш жойларида ота-оналари иштирокида манзилли ишлаш вазифаларини юкланди.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 31 август кунидаги Ички ишлар органларининг вояга етмаганлар масалалари бўйича бўлинмалари фаолиятини ташкил этиш бўйича вақтинчалик низомининг 6-боб 15-банди талабларидан келиб чиқиб бугунги кунда Гулистон шаҳар ИИО ФМБ инспектор-психологлари ҳамда ҳалқ таълими бўлими ходимлари билан ҳамкорликда бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, айни вақтда Гулистон шаҳрида жойлашган барча умумтаълим мактабларида авваламбор карантин қоидаларига амал қилиниши юзасидан вазиятлар ўрганилиб, шу билан бирга мактабларда “Давомат” тадбирлари, ўқувчилар ўртасида ҳуқуқбузарлик, назоратсизлик, жиноятчиликни олдини олиш мақсадида “ТИҒ”, “ТЕЛЕФОН”, “ЎҚУВЧИ” сингари профилактик тадбирлар мунтазам равишда ўтказилмоқда. Аниқланган муаммоли ҳолатлар юзасидан МФЙ раислари, мактаб маъмурияти, жамоатчилик вакиллари ҳамда инспектор-психологлар ҳамкорлигидаги ишчи гуруҳлар ўқувчиларнинг уй манзилларига ташриф буюриб, ота-оналар иштирокида муаммоли вазиятларни манзилли ўрганилиб, уларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.