24 Август 2021 йил 764

Сирдарё вилоятида “COVID-19” коронавирус касаллиги тест таҳлил натижалари юзасидан сохта ҳужжатлар тайёрлаган фуқаро қўлга олинди.

Сирдарё вилояти ИИБ ЖҚБ Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши курашиш бўлими тезкор ходимлари томонидан олинган тезкор маълумотларга кўра, Жисмоний ва юридик шахсларга авиа чипталар сотиш фаолияти билан шуғулланувчи Самарқанд вилояти, Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган “SIP TRAVEL AVIA” МЧЖнинг Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар филиали иш бошқарувчиси лавозимида ишловчи, Янгиер шаҳрида яшовчи фуқаро У.И ўзи раҳбарлик қилиб, ишлаб келаётган филиалга қарашли Янгиер шаҳар “Обод юрт” МФЙ Пахтакор кўчасида жойлашган “Авиа чипталар сотув бўлими”га кўпроқ мижозларни жалб этиб енгил йўллар билан бўлсада тез орада кўпроқ жиноий даромад орттириш мақсадини кўзлаб, турли хил сабабларга кўра ҳорижга чиқиб кетиш истагида авиа чипталар харид қилиш учун мурожаат этиб келувчи фуқароларга “Коронавирус” касаллиги пандемияси муносабати билан республикамиз ҳудудидаги ва хориж давлатлари аэропортларида касалликнинг кенг аҳоли қатламига юқтириб тарқалиб кетиш хавфини олдини олиш мақсадида ташкил этилган карантин текширув назорат ўтиш масканларидан ўтиб кетиш учун гўёки касалликка чалинмаганлиги ва соғлом эканлигини тасдиқловчи тиббий тест натижалари қайд этилган халқаро стандартларга жавоб берувчи “онлайн” тарзда кимга тегишли эканлигини қайта текшириш имконини берувчи махсус тиббий маълумотномаларни ҳеч қандай тиббий тахлил, тест ва текширувларсиз қисқа фурсатларда 200.000 сўм эвазига тайёрлаб бериш билан шуғулланиб келаётганлиги маълум бўлган.  

2021 йил 18 август куни Бошқарма ЖҚБ КваИЖҚКБ ходимлари томонидан Янгиер шаҳри худудида ўтказилган тезкор қидирув тадбирлари натижасида, 2021 йил 26 август куни ёлланма ишлар билан шуғулланиш мақсадида Россия Федерациясига учиб кетиш истагида авиа чипта харид қилган ариза муаллифи А.Рга 200.000 сўм эвазига Тошкент шаҳрида фаолият кўрсатувчи “POYTAXT MED DIAGNOSTIKA” МЧЖга қарашли ҳусусий клиникаси тиббий лабораторияси орқали гўёки коронавирус касаллигига чалинмаганлиги ва соғлом эканлигини тасдиқловчи тиббий тест синов натижалари қайд этилган махсус тиббий маълумотномани расмийлаштириб берган вақти кимёвий ишлов берилган нақт пуллар билан ушланган.  

Шунингдек, фуқаро У.Идан худди шу тарзда 12 нафар фуқароларга расмийлаштирилган 13 дона махсус тест тиббий маълумотномалари, 2 нафар фуқароларга Янгиер шаҳар Тиббиёт бирлашмаси томонидан “COVID-19”га қарши эмланганлиги хақидаги 2 дона сертификат, 73 дона “POYTAXT MED DIAGNOSTIKA” МЧЖ муҳри тушурилган А4 шаклдаги оқ қоғозлар, 94,0 минг сўм, 20 АҚШ доллари, 50 Тожик сомонийси, 1.000 РФ рубли, 13 дона чет эл уюли алоқа компаниялари сим карталари, бир дона компьютер жамланмаси, 1 дона рангли принтер, 1 дона уяли алоқа воситаси тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб далилий ашё тариқасида олинган.           

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан фуқаро У.И ва бошқаларга нисбатан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

 Сирдарё вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси 

Text to speech