8 Август 2022 йил 273

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи Шуҳрат Бўронов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилишида ҳисобот берди.

Сирдарё вилояти Шуҳрат Бўронов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги йиғилишида иштирок этиб, 2022 йилнинг 1-ярмида ҳудудда қонунийлик ва жиноятчиликка қарши кураш борасида вилоят Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган ишлар юзасидан ҳисобот берди.

 Ички ишлар органлари томонидан аҳолининг тинч ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш, шунингдек, бошқа ҳаётий муҳим масалаларда бир қатор ишлар амалга оширилиб, ижобий натижаларга эришилди. 

Жумладан, жорий йилнинг 6 ойида умумий жиноятлар 0,4 фоизга, жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар 1,4 фоизга камайишига эришилди.

Вилоятимиздаги 236 та маҳаллаларнинг 150 тасида ёки 63,6 фоизида жиноят содир этилишига йўл қўйилмади.   

Қидирув эълон қилинган 194 нафар шахсларнинг 95 нафари ушланиб, жиноятга жазо муқаррарлиги таъминланди, 4 нафар бедарак йўқолган шахслар топилди.

Гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ аниқланган ҳолатлар 110 тани ташкил этиб, 2021 йилнинг шу даврига нисбатан 20 тага ёки 22,2 фоизга кўп аниқланди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар давомида 24 кг ортиқ гиёҳвандлик воситалари олиниб, 2021 йилга нисбатан 3 кг 893 гр кўп аниқланишига эришилди. Ички ишлар бошқармаси ташаббуси билан мансабдорлик ва коррупцияга оид 113 та қонунбузилиш ҳолатлари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Вилоят ҳокими томонидан 2022 йил 18 апрель куни тасдиқланган “Йўл харита”га асосан Сирдарё вилояти ҳудудида вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликни жиловлаш бўйича “Сирдарё тажрибаси” яратилди ва янгича ишлаш механизми жорий этилди.

Унга кўра, ҳафтанинг шанба куни “Ёшлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни” сифатида белгиланиб, кун давомида ёшлар билан тизимли ишлаш йўлга қўйилди.

Ҳисобда турувчи ёшлар тоифалари ва хусусиятларига қараб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” маршрутларга бўлинди.

Ички ишлар органларида профилактик ҳисобида турувчи, Пробация ва соғлиқни сақлаш бўлимлари назоратидаги ёшлар яшайдиган манзиллар “Қизил маршрут”га киритилди. Ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда профилактик ҳисобда турувчи ёшлар билан якка тартибдаги профилактик тадбирлар олиб борилди.   

“Бир нуронийга ўн нафар ёш” тамойили асосида вилоят ҳудудида истиқомат қилувчи 415 нафар нуронийларга жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этган ва содир этишга мойил бўлган 210 нафар ёшлар бириктирилди. Шу орқали уларни жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этишининг олдини олиш ҳамда уларни жамиятда ўз ўрнини топишларида ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Маҳаллаларда “Сариқ маршрут” бўйича уюшмаган, ишсиз, узоқ муддатга кетиб қайтган ёшларни касбга йўналтириш борасида ёшлар етакчиси, маҳаллий тадбиркорлар, ҳунармандлар ҳамда мономарказлар билан ҳамкорликда ёшларни ўқитиш, қайта ўқитиш, тадбиркорликка жалб қилиш бўйича сайёр учрашувлар ташкил этилди. Учрашувларда 1 минг 155 нафар ёшлар иштирок этиб, Мономарказда ўқиш учун 385 нафар ёшларга йўлланмалар берилди. 

“Яшил маршрут” бўйича маҳаллалар, таълим муассасалари, кўпчилик ёшлар ишлайдиган корхона ва ташкилотларда ҳуқуқий тарғибот тадбирлари ташкил этилмоқда. Ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш борасида Адлия ҳамда Суд органлари билан ҳамкорликда 105 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ёшларда қонунга итоаткорлик ҳисини кучайтириш мақсадида прокуратура билан ҳамкорликда 420 маротаба йиғилишлар, учрашувлар ва давра суҳбатлари ўтказилиб, уларга юртимизда қабул қилинаётган норматив ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун моҳияти тушунтириб берилди.

Ёшларни “Оммавий маданият”, салбий иллатлар ва ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, соғлом турмуш тарзига амал қилиш бўйича соғлиқни сақлаш ҳамда маънавият ва маърифат марказлари билан ҳамкорликда 302 марта учрашув ва давра суҳбатлари ташкил этилди.

Амалга оширилган профилактик тадбирлар натижасида ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар сезиларли даражада камайишига эришилди.

Алоҳида эътибор қаратилиши лозим бўлган 32 йўналишдаги 42 минг 390 нафар шахслар рўйхати маҳаллалар кесимида шакллантирилиб, барча сектор раҳбарларига юборилди. Ҳамкорликда олиб борилган профилактик тадбирлар натижасида жиноятчиликни камайтиришга эришилди. 

Text to speech