28 Апрел 2020 йил 1289

Сирдарё вилояти ИИБ: Аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик.

Ота-боболаримиз бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланишга, боғ-роғлар яратишга алоҳида эътибор қаратишган. Президентимиз раислигида коронавирус пандемиясига қарши курашишда жойлардаги ишлар натижадорлиги таҳлили ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, аҳоли бандлиги ва даромадини оширишнинг муҳим манбайи бўлган томорқачиликни ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам бу ҳақда алоҳида тўхталиб ўтилган эди.

Ушбу видео селекторда берилган топшириқ ва кўрсатмалар асосида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси масъул ходимларидан иборот ишчи гуруҳ тузилди. Ишчи гуруҳга асосий вазифа қилиб “Ходимларнинг хонадонларидаги томорқалардан унумли фойдаланишларини, ходимларга томорқа даромад манбайи эканлиги тушунтирилиб, томорқалардан тўлиқ фойдаланиш йўлга қўйиш” белгиланди. 

Ҳозирги кунда вилоят ИИБ ходимлари томонидан “Аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик” шиори остида ўзлари яшаб келаётган хонадонларидаги томорқаларидан унумли фойдаланишларига эътибор қаратилди. Биргина мисол Сирдарё вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси катта инспектори Фурқат Саидқуловнинг хонадонида 8 сотих ер майдони бор.

Ҳозирги кунда ушбу ер майдонини иккига бўлиб иссиқхона ташкил қилган. Айни пайтда, 2 сотих ер майдонидаги иссиқ хонада 30 туп лимон дарахти парвариш қилинаётган бўлса, қолган 6 сотих ер майдонида ташкил қилинган иссиқхонасида булғор қалампири етиштирмоқда.

Ўғлим Ички ишлар органларида хизмат қилади бўш вақтларида иссиқхонамизда биргаликда меҳнат қилиб ҳар йили ердан икки марта ҳосил оламиз. Даромад ҳам ёмон эмас. Томорқа – тайёр даромад манбайи. Фақатгина ундан унумли фойдаланиш керак - дейди Фурқат Саидқуловнинг онаси Саидқулова Рахима.

“Аввало ўзимиз ўрнак бўлайлик” шиори остида Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасининг барча ходимлари хонадонларидаги томорқалардан унумли фойдаланишни ўзларини олдига мақсад қилиб олдилар.  

Албатта, заминимиз серҳосил. Тупроқ-иқлим шароити тўрт фаслда ҳам сабзавот экинлари етиштириш учун ғоят қулай ҳисобланади. Ерга таёқ қадасанг кўкаради. Мавжуд ерда меҳнат қилиб, пиёз, сабзи, картошка, саримсоқпиёз ёки турли кўкатларни экиб, рўзғорда фойдаланиш кони фойда. Аслида булар, фақатгина озиқ-овқат маҳсулоти бўлмай, инсон саломатлиги учун ҳам фойдали сабзавотлар ҳисобланади. Қолаверса, жисмоний фаоллик, бундан ташқари, томорқанинг обод бўлиши, натижада қўшимча даромад дегани-ку! Томорқадан самарали ва унумли фойдаланиб, йил давомида бир неча маротаба ҳосил олиш имкони мавжуд. Шундай экан, ҳар бир томорқа эгаси мавжуд экин майдонидан унумли фойдаланса, фойдадан холи бўлмайди.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати.

Text to speech