26 Декабр 2022 йил 194

Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг фарзандлари учун эртак-театр ташкил этилди ва байрам совғалари топширилди.

Янги йил барчамиз орзиқиб кутган байрам. Бу байрам нафақат энг қувонарли, шу билан биргаликда болажонлар томонидан интиқиб кутиладиган байрам ҳисобланади. Яқинлашиб келаётган байрам муносабати билан ички ишлар органи ходимлари ва уларнинг фарзандлари эътиборсиз қолмади, хусусан жорий йилнинг 24 декабрь куни Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари фарзандлари учун “Музбулоқ сири” деб номланган эртак-театр дастури намойиш этилди.

Ушбу эртак-театр дастурига ташриф буюрган Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг оила аъзолари ва фарзандлари байрам шукуҳи билан йўғрилган воқеалар ривожини зўр қизиқиш билан томоша қилишди. Эртак-театрнинг салбий қаҳрамони бўлган Сокинлик маликаси бутун дунёда ёвузлик ҳукмрон бўлишини хоҳлайди, бу мақсад йўлида ҳамма жойда байрам нишонланмаслиги, аксинча ер юзида сокинлик ҳукм суришини истайди, лекин эртак-театр якунида у ўз ниятига ета олмайди, чунки эртак-театрнинг ижобий қаҳрамонларининг саъйи-ҳаракатлари билан яхшилик ёвузлик устидан ғалаба қозонади.

Тадбир якунида Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимларининг фарзандларига бошқарма бошлиғи ҳамда касаба уюшмасининг байрам совғалари топширилди. Байрам муносабати билан ташкил этилган бу каби маънавий ва маърифий тадбирлар келгусида ходимларни оиласидаги хотиржамлик ва бахт ҳиссиётларини янада мустаҳкамлаб, уларни инсонпарварлик, ватанга, оилага муҳаббат ва садоқат руҳида хизмат олиб боришини таъминлайди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

 

Text to speech