20 Октябр 2022 йил 264

Сирдарё вилояти Ички ишлар органлари ходимлари ўртасида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” шиори остида “Тил билимдони” кўрик-танлови ўтказилди.

Тил – миллатнинг фахри, ғурури! Тил – ўзаро муомала, алоқа воситаси, тафаккур қуролидир. Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Тилни асраш, авайлаш, бойитиш, мазмунли сўзлаш ҳар бир инсоннинг бурчи ҳисобланади.

Мамлакатимизда ўзбек тилининг халқимиз ижтимоий ҳаётида ва халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини тубдан ошириш, униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш, давлат тилини тўлақонли жорий этишни таъминлаш, Ўзбекистондаги миллат ва элатларнинг тилларини сақлаш ва ривожлантириш, давлат тили сифатида ўзбек тилини ўрганиш учун шарт-шароитлар яратиш, ўзбек тили ва тил сиёсатини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналиш ва вазифаларни ҳамда истиқболдаги босқичларини белгилаш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида”ги Қонуни билан 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланганлиги муносабати билан, республика миқёсида “Қадринг баланд бўлсин она тилим!” шиори остида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ўтказиб келинмоқда. Жорий йилнинг 19 октябрь куни Сирдарё вилояти ИИОда хизмат олиб бораётган ходимлар ўртасида ўтказилган “Тил билимдони” кўрик-танлови шундай тадбирлардан биридир.

Танловда иштирокчилар 3 та шарт бўйича билимларини синовдан ўтказдилар. “Иншолар танлови” деб номланган 1-шартда иштирокчилар “Она тилим – миллат ғурури ва фахри” мавзусида ўз фикр-мулоҳазаларини қоғозга туширдилар. 2-шартда иштирокчилар Ички ишлар органлари ходимлари ўқиши учун тавсия этилган адабиётлардан тузилган саволларга жавоб бериб ўз билимларини синовдан ўтказдилар. 3-шарт “Эркин мавзу” деб номланиб, бу шартда иштирокчилар ўзларининг қизиқишлари, билимлари, маҳорат ва истеъдодларини намоён этдилар.

Кўрик-танлов натижаларига кўра, 3-ўринни Мирзаобод тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси профилактика инспектори лейтенант Йўлдошев Қахрамон Бахтиёр ўғли, 2-ўринни Ширин шаҳар ИИБ Кадрлар билан таъминлаш гуруҳи катта инспектори лейтенант Юсупов Усмон Анорбоевич қўлга киритган бўлса, фахрли 1-ўринни Янгиер шаҳар ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлинмаси вояга етмаганлар масалалари бўйича инспектор-психологи лейтенант Омонов Шерзоджон Абдуғани ўғли эгалладилар. Ғолиблар бошқарма бошлиғининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.

Тадбир иштирокчиларда ўзгача таассуротлар қолдириб, уларда ўзбек тилига бўлган фахр ва ифтихор туйғулари янада ортишига замин яратди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

Text to speech