25 Декабр 2022 йил 351

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида Япония миллий полицияси тажрибаси ўртоқлашилди

2022 йил 13-15 декабрь кунлари Япония Миллий полиция агентлигида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги «Кобан» ва «Тюзаишо» тизимлари тажрибасини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги делегацияси Японияга хизмат сафарига юборилди. Сирдарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи полковник Ўролов Шароф Ўразалиевич делегация таркибига киритилиб Япония Миллий полиция агентлигида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси соҳасидаги «Кобан» ва «Тюзаишо» тизимлари тажрибасини ўрганиб қайтди. 

2022 йил 24 декабрь куни полковник Ш.Ў.Ўролов Сирдарё вилояти ИИБ ходимлари билан Япония Миллий полицияси «Кобан» ва «Тюзаишо» тизимлари ҳақида тушунчалар бериб фикр алмашди. Японияда жиноятчиликнинг олдини олишнинг ўзига хос тизими бу Миллий полиция агентлиги Япония Вазирлар Маҳкамасининг жамоат хавфсизлиги миллий комиссияси тасарруфидаги муассаса бўлиб, Япония полиция тизимининг Марказий муассасаси, шунингдек Японияда миллий фавқулодда вазиятларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг Марказий мувофиқлаштирувчи органи ҳисобланади. Япония полициясининг асосий вазифаси шахсларнинг ҳаёти ва мол-мулкини ҳимоя қилиш, жиноятни олдини олиш, содир этилган жиноятлар юзасидан тергов қилиш, гумонланувчиларни ушлаш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ва жамоат тартибини сақлаш киради. Худди шу полиция ташкилоти принципи Япониянинг 47 префектурасида ҳам мавжуд бўлиб, унда жамоат хавфсизлиги комиссияси префектура полицияси бошлиғини тасдиқловчи губернаторга бўйсунади. Миллий полиция агентлиги алоҳида префектураларнинг полиция бўлинмаларига бўйсунадиган 7 та полиция округи (минтақавий полиция бюроси) бўлимлари фаолиятини бошқаради. Префектура полициясини штаб бошлиғи бошқаради, унинг таркибида бир нечта полиция бўлимлари мавжуд бўлиб, улар ўз навбатида «Кобан» шаҳар полиция стендлари ва «Тюзаишо» қишлоқ полиция стендларидан иборат. Кўриб чиқилаётган таркибий бўлинмаларда япон полициясининг қарийб 40 фоизи хизмат қилади, барча жиноятларнинг тахминан 60-65 фоизи улар томонидан кўриб чиқилади. Полиция ходимлари тўққиз даражага бўлинган. Хусусан, Бош назоратчи, катта комиссар, комиссар, комиссар ёрдамчиси, бошлиқ, Бош инспектор, инспектор, сержант ва полиция ходимига бўлинади. Бугунги кунда «Кобан» мини полиция бўлими бу учдан бешгача полициячилар ўз ишларини бажарадиган жой ҳисобланади. Ҳар бир «Кобан» ва «Тюзаишо» полиция бўлимининг филиали сифатида ишлайди ва шунга мос равишда маълум хизмат кўрсатиш жойлари туманларни қамраб олади. Уларнинг асосий фарқи хизмат кўрсатиш ҳудудидир. «Кобан» одатда атиги 0,35 квадрат км.да хизмат кўрсатиш майдони учун жавобгардир, аммо аҳоли зичлиги юқори бўлганлиги сабабли, мамлакатда бу ҳудудда 8500 га яқин аҳоли истиқомат қилиши мумкин. 10-15 та «Кобан» ва «Тюзаишо» ларнинг фаолияти битта полиция бўлими томонидан назорат қилинади. Ҳозирги кунда Японияда 6200 та «Кобан» полиция бўлинмалари жамоат тартибини сақлаш бўйича фаолият кўрсатмоқда. «Кобан»лар сменали тизимда ишлайди. Бутун мамлакат бўйлаб 3 сменали тизим жорий этилган. «Кобан» хизмат хонаси кичкина 4 та хонадан иборат, 1-хона телефон қўнғироқларини қабул қилиш хонаси, 2-хона овқатланиш хонаси, 3-хона фуқаролар билан суҳбат ўтказиш ва офицерлар иш ҳужжатлар билан шуғулланиш хонаси, 4-хона ходимларни дам олиш хоналаридан иборат. «Кобан»да бир кунда 3 нафар офицер криминоген вазияти оғир бўлган ҳудудларда 5 нафаргача офицерлар хизмат кўрсатади. Уларда ИИОга қўнғироқ «110» дейилади (бизда 102). Фуқаролар 110 га қўнғироқ қилса туман ИИОга хабар келиб тушади, туман ИИБ жойлардаги ҳудудига қараб «Кобан» ва «Тюзаишо»га хабарни етказади. Туман ИИОдаги тезкор тергов гуруҳи етиб келгунга қадар «Кобан» ёки «Тюзаишо» масъул офицери аниқ белгиланган вақтда воқеа жойига етиб бориб туради. «Кобан» офицерлари вазифаси фақат чақирувга тезкорлик билан етиб бориш, у ерда жамоат тартибини сақлаш, ҳудудни айланиб профилактика қилишдан иборат. Хизмат автотранспорти, рация, замонавий барча базалар ўрнатилган телефон, алкотестер, пистолет, жиноятчиларни ушлайдиган темир тутқич, қўл кишанлари билан таъминланган. 

Бугунги кунда одатда бир ёки иккита офицер ишлайдиган «Тюзаишо» Япониянинг полиция фаолиятининг марказида жойлашган. «Тюзаишо» полиция бўлимининг филиали сифатида ишлайди ва шунга мос равишда маълум хизмат кўрсатиш жойлари туманларни қамраб олади. Уларнинг асосий фарқи хизмат кўрсатиш ҳудудидир. Қишлоқ жойларда «Тюзаишо» 29 дан 40 квадрат км.гача бўлган ҳудудга хизмат қилади. Унинг аҳолиси 3000 га яқин бўлади. Ҳар 10-15 стенднинг фаолияти битта полиция бўлими томонидан назорат қилинади. Ҳозирги кунда Японияда 6600 та «Тюзаишо» полиция бўлинмалари жамоат тартибини сақлаш бўйича фаолият кўрсатмоқда. Кобанлардан икки баравар кўп бўлган «Тюзаишо»лар фақат қишлоқ жойларида учрайди. Оддий «Тюзаишо» – бу кичик уй бўлиб, у ерда полиция ходими оиласи билан яшайди. Унга полиция ишларини олиб бориш учун офис бириктирилган. Полиция ходими қишлоқ жойларида тартибни сақлаш учун жавобгар этиб белгиланган. Бириктирилган хизмат хонаси хизмат уйи билан ёнма-ён қурилган. «Тюзаишо» хизмат хонаси кичкина 2 та хонадан иборат. 1-хона фуқаролар билан суҳбат ўтказиш ва офицерлар иш ҳужжатлар билан шуғулланиш хонаси, 2-хона махсус воситаларни сақлаш, ҳужжатларни сақлаш хоналаридан иборат. «Тюзаишо»да аёллар хизмат олиб бормайди. «Тюзаишо»да бир кунда 1 нафар офицер криминоген вазияти оғир бўлган ҳудудларда 2 нафаргача офицерлар хизмат кўрсатади.

Японияда полициясини ўқитиш ва малака ошириш учун 3 та олийгоҳ мавжуд.

- Миллий полиция Академияси катта полициячиларни ўқитиш ва тадқиқотлар олиб боришга мўлжалланган. Олийгоҳнинг 9 та ўқув бўлими мавжуд бўлиб, шу жумладан жамоат хавфсизлигини таъминлаш, жиноятларни тергов қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида бўлимлари мавжуд.

- «Миллий полиция илмий – тадқиқот институти» фаолияти асосан суд экспертизаси, вояга етмаганларни жиноятчилигини олдини олиш, криминология йўналишларида мутахассислар тайёрлайди.

- «Империал Гуард штаб олийгоҳи» мавжуд бўлиб, ушбу таълим даргоҳида асосан император оила аъзоларини ҳамда император иншоотларини хавфсизлигини таъминлаш учун мутахассислар тайёрланади.

Ҳар бир 47 та префектура ўзининг академиясига эга. Полиция тизимида 3-4 йиллик ўқитиладиган мутахассислик бўйича академиялар мавжуд эмас. Уларда 1 ойдан 6 ойгача ходимларни ўқитиб тайёрлайди. 

Япониядаги бошқа ижобий одатлар, тартиблар, аҳолисининг маданияти ва маънавияти юқори савияда. Бунга қуйидаги мисолларни келтириб ўтишимиз мумкин,

- Япония аэропортига кирганда тартибли атмосферани кўрасиз. Фуқароларга тиббий ниқобда юриш мажбурият бўлмасада бошқаларга касаллик юқтирмаслик ва ўзига юқмаслиги учун тиббий ниқоб тақиб юришади.

- жамоат жойларида фуқаролар бир-бирларини жуда ҳурмат қилишади, одамлар гавжум жойларда ошхона, савдо расталари, дўконлар, кафе-барларда тартибли навбатда туришади. Бир-бирин навбатини олиб қўймайди, агар навбатиз келиб қолган бўлса у ерда сиз бўлмасангиз ҳам сизни чақиришади.

- автомобиль ҳайдовчилари маданияти ўта юқори, асабий ҳайдовчини кўрмайсиз энг узоқ 70 км масофага юрилганида ҳам бирор ҳайдовчи сигнал чалганига гувоҳ бўлмадик. Тартибга солинмаган кесишмаларда икки ҳайдовчи бир вақтнинг ўзида келиб қолса биринчи қўл кўтарган ҳайдовчи юради иккинчиси қўл кўтариб сиз юринг ишорасини қилади ва бир-бирларига ҳурматларини изҳор этиб ҳаракатни давом эттиришади.

- кўчалари тоза ва обод. Бирор фуқарони кўчага ахлат ташлаганини кўрмайсиз, агар йўлидан ахлат чиқиб қолса чўнтагига солиб олиб, йўлдаги махсус идишларга ташлашади.

- кўчаларда фуқаролар светофор ишораларига қатъий амал қилишади. Автомашина бор ёки йўқлигидан қатъий назар қизил чироқда ҳаракат қилишмайди.

- барча йўлларда, йўлакларда, ўқув муассасалари, савдо мажмуалари, кафе-барлар хуллас барча жамоат жойларида кўзи ожиз фуқаролар учун махсус сезувчан йўлакчалар ташкил қилинган.

- ёшлар ҳамда кексалар барча фуқаролар ўзининг соғлиги учун спорт билан мунтазам шуғулланишади.

- аҳоли гавжум жойларда кўп фуқаролар китоб, газета ва журналлар ўқиётганини учратасиз.

- тамаки маҳсулотлари жамоат жойларида умуман чекилмади, улар тамаки маҳсулотларини махсус ажратилган жойларда чекишади, қолганлардан ҳам шуни қатъий талаб қилишади.

- фуқаролар бир-бирларини ниҳоятда ҳурмат қилишади. Агар кўчада туртилиб кетишса иккаласи айбдордай бир-биридан кечирим сўрайди, шунинг учун безорилик, тан жароҳати етказиш каби жиноятлар деярли содир этилмайди. Полиция ходимларига жанжал билан боғлиқ чақирувлар жуда кам келиб тушади.

- фуқаролар тирбандликлар бўлмаслиги учун кўпроқ жамоат транспортида, велосипедларда ҳаракат қилишади ёки пиёда юришади.

Қатар давлатида бўлиб ўтган футбол бўйича жаҳон чемпионатида ҳам япониялик мухлислар гарчи уларнинг жамоаси ютқазган бўлсада, ўзлари ўтирган ва қўшни трибуналарни тозалаб кетишгани дунё ҳамжамиятини таҳсинига сазовор бўлди. Японларнинг самимийлиги ва маънавиятини кўриб лол қолмасдан илож йўқ.

Сирдарё вилояти ИИБ ЖХХ

Text to speech