13 Октябр 2022 йил 254

Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармасида “Ходимларнинг хизмат ва ижрочилик интизоми, қонун бузилиш ҳолатлари содир этилишини олдини олишга қаратилган” йиғилиш бўлиб ўтди.

Йиғилишда, Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари-Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи подполковник Қ.Х.Шерматов ва ИИВ ШХББ Сирдарё вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Қ.Т.Ўринбаев, Бошқарма бошлиғининг маслаҳатчиси истеъфодаги подполковник Ў.Қ.Болтабоев, Ички ишлар органлари раҳбарлари ва шахсий таркиби ҳамда уларнинг ота -оналари иштирок этди.

Йиғилишни бошқарма бошлиғининг ўринбосари подполковник Қ.Х.Шерматов кириш сўзи билан очиб, сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида Ички ишлар органларида туб ислоҳотлар амалга оширилиб, бунда соҳани халқ манфаатларига ўз вақтида ва сифатли ёрдам кўрсатадиган, криминоген вазиятни ижобий томонга ўзгартиришга қодир профессионал тизимни шакллантириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар олиб борилганлигини, Ички ишлар органларининг моддий-техник базаси тубдан мустаҳкамланганлигини, соҳа ходимлари жаҳон андозаларига мос алоқа, техника ва замонавий ахборот-коммуникация воситалари билан таъминланганлигини, ходимларнинг ойлик маошлари босқичма-босқич оширилиб, ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлади. Шунингдек, кун тартибидаги масала юзасидан ходимлар томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликлар, хизмат интизоми ва қонунчиликнинг бузилиши, шунингдек, келгусида ходимлар ўртасида салбий ҳолатларнинг олдини олиш борасида тўхталиб, Республика бўйича ходимлар билан боғлиқ бўлган салбий ҳолатлардан мисоллар келтириб шахсий таркибни хулоса қилишга чақирди.

Тизимда олиб борилаётган кенг ислоҳотлар ва яратиб берилаётган имкониятларга қарамай, ходимлар орасида ўз хизмат фаолиятига масъулиятсизлик билан қараётган, жиноят ва ҳуқуқбузарлик содир этаётганларини таъкидлаб ўтилди.

Йиғилишда иштирок этган ИИВ ШХББ Сирдарё вилояти бўйича бўлими бошлиғи, подполковник Қ.Т.Ўринбаев кун тартибидаги масала юзасидан танқидий мулоҳаза билдириб, ходимлар билан боғлиқ салбий ҳолатларни келтириб ўтди. ИИБ бошлиғи ҳамда ўринбосарларини қатъий огоҳлантириб, келгусида хизмат интизоми ва ходимларига жавобгар шахс сифатида уларга ҳам ўрнатилган тартибда интизомий чора кўрилишини билдирди.Шунингдек йиғилишда иштирок этган ходимларнинг ота-оналари билан ҳам ушбу йўналишда суҳбат ташкил этилиб , улар соҳада хизмат қилаётган фарзандларининг хатти-ҳаракатларини доимий назорат қилишлари зарурлиги эслатиб ўтилди.

Йиғилиш якунида ходимларга “Коррупция-жаҳолатга йўл” номли видеоролик намойиш этилиб, ходимлар билан олиб борилаётган тарбиявий-профилактик ишлар самарадорлигини янада ошириш, хизмат интизоми ва қонунчиликни мустаҳкамлаш борасида келгусида амалга оширилиши зарур бўлган чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

Text to speech