15 Октябр 2022 йил 352

Сирдарё академик лицейи ўқувчилари учун маҳорат дарси бўлиб ўтди

Бугунги тезкор асримиз ҳар бир соҳада етук ва малакали, юксак салоҳиятли кадрларни талаб этмоқда. Эртамиз эгалари бўлган ёш авлоднинг таълим ва тарбия олишига катта эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас.  Зеро келажак бугундан бошланади, пойдевори мустаҳкам иморат унча-мунчага завол топмайди. Муҳтарам Президентимиз: “Нажот таълимда, нажот тарбияда, нажот билимда”,- деб таъкидлаганларидек, зиммасига янги Ўзбекистоннинг янги авлодини тарбиялаш юклатилган ҳар бир таълим муассасаси, ҳар бир инсон бу ишга ўта катта масъулият билан ёндашмоғи керак.

Бу вазифани чуқур англаб етган Ички ишлар вазирлиги Сирдарё академик лицейи раҳбар ва педагоглари ҳам бўлажак тартиб посбонларини Ватанимиз равнақига хизмат қиладиган муносиб кадрлар қилиб тарбиялашга бор кучларини сарфламоқдалар. Бу борада Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбар ходимлари ҳам ўзларининг беминнат ёрдамларини аямаяптилар. Жорий йилнинг 15 октябрь санасида Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари подполковник Мавлонов Умиджон Эсонқулович лицей ўқувчиларига “Жамоат хавфсизлигини таъминлаш-муқаддас бурч”  мавзусида маҳорат дарси ўтиб берди. Раҳбар ўз нутқида ички ишлар ходимларининг зиммаларидаги вазифалари, бу соҳа ходимлари қандай фазилатларга эга бўлиши кераклиги, бу шарафли касбни эгаллаш учун нималар қилиш кераклиги, китоб ўқишнинг аҳамияти ҳақида қимматли маслаҳатлар берди. Қизиқарли ўтган суҳбат давомида ўқувчилар ўзларини қизиқтирган барча саволларга жавоб олдилар.

Text to speech