Сирдарёда соҳавий хизмат раҳбарларининг малакалари оширилди
Ҳозирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик ва жамоат хавфсизлиги маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Бу эса ўз навбатида, ички ишлар органлари раҳбар ходимларининг фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлиги таъминлаш, шунингдек, ўзларига юклатилган вазифаларни самарали бажаришлари учун мунтазам равишда касбий билим ва кўникмаларини ошириб боришларини талаб этади.
Шу мақсадда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 2021 йил 20 ноябрдаги «Ички ишлар органларининг раҳбар ходимлари малакасини ошириш бўйича ўқув курсларини ташкил этиш тўғрисида»ги фармойишига асосан, жорий йилнинг 12-17 декабрь кунлари Сирдарё вилоятида ички ишлар бошқармасининг жиноят қидирув, терроризм ва экстремизмга қарши курашиш хизмати раҳбар ходимлари ҳамда туман (шаҳар) ички ишлар органлари бошлиқларининг биринчи ўринбосарлари ва тергов хизмати раҳбарларининг малакасини ошириш бўйича вазирлик Малака ошириш институти Сирдарё филиалида институт профессор-ўқитувчилари иштирокида сайёр ўқув курслари ташкил этилди.
Ўқув йиғинини ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад раҳбарларда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш борасида мавжуд муаммоларни ҳал этиш бўйича илғор иш тажрибаларини янада кучайтириш, ҳудуддаги тезкор ва криминоген вазиятни таҳлил қилиш, прогнозлаш ва баҳолашнинг замонавий усулларини ўргатиш ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, уларнинг сабаб ва шароитларини аниқлаш асосида ички ишлар органларининг мавжуд куч, воситаларини тақсимлаш, шу жумладан, тергов раҳбарлари томонидан жиноят ишларини сифатли тергов қилинишини назорат қилишга қаратилган фаолиятини самарали ташкил этишдан иборатдир.
Ўқув курси сўнгида, тингловчилардан имтиҳон қабул қилиниб, имтиҳондан муваффақиятли ўтган тингловчиларга белгиланган намунадаги сертификатлар тантанали равишда топширилди.
Шунинг билан бирга, вазирлик Малака ошириш институти Сирдарё филиалида кадрларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш жараёнини самарали ташкил этишдаги фаол иштироклари учун академик лицей директори майор Ғ.Ж.Абдуллаев ва директорнинг ходимларни малакасини ошириш бўйича ўринбосари майор О.Ш.Суяровлар институт раҳбариятининг «Ташаккурнома»лари билан тақдирландилар.