Сирдарё вилоятидаги куч тузилмаларига қарашли ҳарбий қисм ва муассасалардаги ёш ҳарбий хизматчилар ўртасида «Ҳуқуқ билимдони» номи остида «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди
Сирдарё вилояти, Гулистон шаҳри, Ёшлар марказида ёшларнинг интеллектуал ва ижодий салоҳиятини ошириш, уларни ҳуқуқий билимлар билан қуроллантириш ҳамда ақл-заковатини кенг омма олдида намоён этишига кўмаклашиш мақсадида навбатдаги йирик тадбир бўлиб ўтди.
Ушбу тадбир Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Гулистон ҳарбий прокуратураси ташаббуси билан ташкил этилди.
Шунингдек, тадбирда Ёшлар ишлари бошқармаси, Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши вакиллари, Сирдарё Ливе ОАВ, «Заковат» интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти (ННТ) ҳамкорлик қилди.
Тадбирнинг асосий мақсади:
Ёш ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқий ва интеллектуал савиясини ошириш;
Уларнинг билим даражасини ошириш ва фикрлаш қобилиятини ривожлантириш;
Ёшлар ўртасида китобхонлик ва билимга қизиқишни кучайтириш.
«Ҳуқуқ билимдони» шиори остида ташкил этилган «Заковат» интеллектуал ўйинида Сирдарё вилоятидаги куч тузилмаларига қарашли ҳарбий қисм ва муассасаларда хизмат қилаётган ёш ҳарбий хизматчилар иштирок этдилар.
Ташкил этилган 10 та жамоа ўз билимларини намоён этиш, мантиқий фикрлаш, тезкор жавоб қайтариш ва жамоавий ишлаш борасида куч синашди.
Ҳар бир саволга берилган жавоблар ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди. Беллашув жараёнлари қизғин, билимга бой ва муросасиз тарзда ўтди.
Якуний натижалар қуйидагича:
1-ўрин – «Ватанпарварлар» жамоаси (Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси);
2-ўрин – «Тариқат» жамоаси (Сирдарё вилояти Божхона бошқармаси);
3-ўрин – «Қалқон» жамоаси (Сирдарё вилояти Қўриқлаш бошқармаси).
Ғолиб жамоаларга Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Сирдарё вилояти Кенгаши ҳамда Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан дипломлар ва эсдалик совғалари тантанали равишда топширилди.
«Бундай интеллектуал ўйинлар биз ёш ҳарбийлар учун нафақат билим синовидир, балки юртга хизмат қилишда зарур бўлган тафаккур, билим ва жамоавийлик фазилатларини ривожлантиришда катта имконият яратади,» – дейди ўйин иштирокчиларидан бири.
«Ҳуқуқ билимдони» интеллектуал ўйини нафақат ёш ҳарбий хизматчиларнинг билимларини синовдан ўтказди, балки уларни жамоавий ишлаш, фикр алмашиш ва қонуний билимлар билан қуроллантиришда самарали майдон бўлиб хизмат қилди.
Бундай тадбирлар ёшларга ўзини намоён этиш, соғлом рақобат муҳитида ўз устида ишлашга ундайди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати