13 Ноябр 2025 йил 16

Сирдарё вилоятида пробация фаолияти ва экологик хавфсизлик йўналишларида ўрганиш ишлари олиб борилди

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоат хавфсизлиги департаменти Пробация бош бошқармаси бошлиғи, полковник Ш.У. Уралов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятида хизмат фаолиятини ўрганиш ишларини амалга оширди. 

Ташриф доирасида дастлаб вилоят ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати ва Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ходимлари учун таъмирланаётган бинолардаги қурилиш-таъмирлаш жараёнлари кўздан кечирилди. Шу билан бирга пробация хизматларининг ҳужжат юритиш ҳамда хизмат фаолиятини амалга ошириш тартиблари ўрганилиб, ходимларга қўшимча йўриқномалар берилди.

Хусусан, Ховос тумани, Гулистон ва Янгиер шаҳарларидаги пробация гуруҳлари фаолияти ўрганилиб, «Обод ва хавфсиз маҳалла» тамойили асосида ижтимоий профилактика ишларини самарали ташкил этиш, пробация ҳисобида турувчи шахсларнинг бандлигини таъминлаш ва улар билан манзилли ишлаш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, ташриф доирасида муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган тадбирлар ҳам амалга оширилди. «Экопатруль» гуруҳлари иштирокида аҳоли гавжум ҳудудларда, оммавий тадбирлар ўтказиладиган масканларда ва маҳаллаларда атроф-муҳитни асраш, дарахтларни кўпайтириш ва чиқиндиларни тўғри йўқ қилиш масалалари бўйича тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилди.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech