Сирдарё вилоятида хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар учун ўқув семинари ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ишчи гуруҳи ҳамда Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси масъул ходимлари иштирокида Сирдарё вилояти ИИБда хизмат олиб бораётган хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар учун ўқув семинари ташкил этилди.
Тадбир давомида хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларнинг кундалик хизмат фаолиятида хизмат планшетларидан самарали ва тўғри фойдаланиш, электрон маълумотлар базаси билан ишлаш, ҳуқуқбузарликлар профилактикасида замонавий ахборот технологияларининг аҳамияти каби мавзуларда амалий кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, семинарда «Хавфсиз оила» ойлиги доирасида амалга оширилаётган профилактик тадбирлар, оилавий низоларни эрта босқичда аниқлаш ва бартараф этиш, зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Ўқув семинари иштирокчилари ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар фаолиятини янада такомиллаштириш, фуқаролар билан самарали мулоқот ўрнатиш ва профилактик ишларнинг сифатини ошириш бўйича фикр-мулоҳазалар алмашдилар.
Мазкур тадбир хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторларнинг касбий маҳоратини ошириш, замонавий иш услубларини амалиётга татбиқ этиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтиришга хизмат қилади.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати