18 Июн 2024 йил 5436

Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан маълумот.

2024 йил 17 июнь куни соат 13-00ларда, “Нексия-2” русумли автомашина Ширин шаҳар “М.Улуғбек” маҳалласини “Нуробод” маҳалласи билан боғлаб турувчи “Жанубий Мирзачўл” каналидан ўтган транспорт воситаларини ўтиши учун мўлжалланган кўприк устида бошқариб бораётиб, бошқарувини йўқотиб йўналишига нисбатан чап томондаги кўприк тўсинларига урилиб, “Жанубий Мирзачўл” каналига тушиб кетган. Натижада, “Нексия-2” русумли автомашинасида бўлган ҳайдовчи ва 4 нафар йўловчилар ҳодиса жойида чўкиб кетишган.

Сирдарё вилояти Фавқулодда қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан олиб борилган тезкор қутқарув ишлари давомида “Жанубий Мирзачўл” каналидан ҳайдовчи ва 3 нафар йўловчиларнинг жасадлари ҳамда “Нексия-2” русумли автомашина топилиб, сувдан олиб чиқилган. Ҳозирда Сирдарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси қутқарув гуруҳи ғаввослари томонидан автомашинада бўлган 1 нафар йўловчини қидириб топиш чоралари кўрилмоқда.

Мазкур ҳолат юзасидан Сирдарё вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати 

Text to speech