Сирдарё вилояти ИИБда 2024 йилнинг ўтган 3 ой якуни бўйича амалга оширилган ишлар таҳлили ва муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармасида соҳа вакилларининг жорий йилнинг 3 ойи давомида қонунбузарликларнинг олдини олиш ҳамда жиноятчиликка қарши курашишга қаратилган фаолияти таҳлил этилди. Вилоят ИИБ, соҳавий хизматлар масъуллари, ҳудудий Ички ишлар бошқарма ва бўлимлари бошлиқлари ҳамда уларнинг ўринбосарлари иштирокида ташкил этилган видеоселектор йиғилишини вилоят ИИБ бошлиғи полковник Санжар Джабаров олиб борди.
Танқидий руҳда ўтган тадбирда вилоятда умумий жиноятлар сони камайган бўлишига қарамасдан бир қатор ҳудудларда айрим турдаги қонунбузарликлар ортишига йўл қўйилгани билдирилди.
Ўз навбатида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чораларни кучайтириш, хусусан тунги патрулликни самарали ташкил этиш, жиноят қилиши мумкин бўлган шахслар билан профилактик тадбирларни мунтазам ўтказиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш сифатини яхшилаш, қидирувдаги шахсларни ушлаш, савдо ва маиший хизмат шохобчалари ҳамда хонадонларни қўриқловга олиш, кузатув камералари сонини ошириш каби қатор масалалар кўриб чиқилиб, масъулларга камчиликларни бартараф этиш бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, йўл қўйилган нуқсонлар юзасидан мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.
Йиғилишда вилоят, шаҳар ва туманларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича 3- сектор штабларининг фаолиятини кучайтириш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Бинобарин секторларда амалга оширилган ишлар шаҳар ва туманлар кесимида муҳокама қилинди. Мазкур жараёнда асосий эътибор аҳоли муаммоларини ҳал қилиш нуқтаи назаридан маҳалла фаоллари билан ҳамкорлик қилиш, жиноятларнинг олдини олиш, сектор раҳбарларининг шахсий ташаббуси асосида йирик лойиҳаларни амалга оширишга қаратилди.