Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти томонидан Мирзаобод туманида аҳоли осойишталигини таъминлашга қаратилган тунги фаолият ўрганилди
Дастлаб, Мирзаобод тумани Ички ишлар бўлимига ташриф буюрилиб, туман ИИБ бошлиғининг жорий йил 9 ой якунига кўра криминоген вазият тўғрисида ахбороти тингланди. Вилоят ИИБ бошлиғи Фарух Хайдаров томонидан масъулларга Мирзаобод тумани ҳудудида олди олиниши лозим бўлган жиноятлар содир этилишига йўл қўймаслик, намунали жамоат ва йўл ҳаракати хавфсизлигини, фуқаролар осойишталигини таъминлаш юзасидан тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.
Шундан сўнг бошқарма бошлиғи туман ИИБ навбатчилик қисми фаолияти, навбатчилик қисмида жиноят ва ҳодисаларга оид ариза ва хабарларни қабул қилиш, кўриб чиқиш борасида амалга оширилган ишлар, ҳудуддаги кузатув камераларининг созлиги, тезкор вазиятни мунтазам равишда назорат қилиш мақсадида уларнинг ички ишлар бўлимига интеграция қилинганлик ҳолатини кўздан кечирди ҳамда туман ИИБ раҳбарларига бу борада ҳам топшириқ ва кўрсатмаларини берди.
Бундан ташқари Мирзаобод тумани Ички ишлар бўлимидаги тергов-тезкор гуруҳи фаолияти ва уларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишилди ҳамда тезкор-тергов гуруҳига қўшимча йўриқномалар берилиб, воқеа жойига борганда амалга оширадиган хизмат вазифалари бўйича савол-жавоб ўтказилди.
Мирзаобод тумани “Наврўз” маҳалласига ўрнатилган “SOS” тугмаси назорат тартибида босилиб текширилганда чақирувига асосан Қўриқлаш хизматининг тезкор ҳаракатланувчи гуруҳи, ички ишлар бўлимининг тезкор-тергов гуруҳи ҳамда шу ҳудудга тунги хизматга бириктирилган 3-йўналиш ходимлари белгиланган муддатда етиб келиши назоратдан ўтказилди.
Жараёнлар сўнггида эса Мирзаобод тумани “Наврўз” маҳалласидаги 172-сонли таянч пункти фаолияти ва жиноятчиликни жиловлаш борасида амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишилди ҳамда “Наврўз” маҳалласи профилактика инспектори вилоят ИИБ бошлиғига маҳалла ҳудудида амалга ошираётган профилактик тадбирлари бўйича ахборот берди.
Ушбу тадбирлар аҳоли осойишталигини таъминлаш ва жиноятчиликни олдини олишга қаратилган ҳамда келгусида ушбу йўналишдаги ишлар самарадорлигини янада оширишга хизмат қилади.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати