Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти Янгиер шаҳрида тунги вақтларда жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар билан танишди
Дастлаб бошқарма бошлиғи Тошкент кимё-технология институти Янгиер филиали талабалар ётоқхонасида бўлиб, талабаларга яратилган шарт-шароитлар билан танишди.
Ўрганиш жараёнида талабаларнинг тунги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш мақсадида институт масъуллари ҳамда профилактика инспектори томонидан спорт ўйинлари ва турли тадбирлар йўлга қўйилгани қайд этилди.
Шу билан бирга, талабаларни назорат қилиш, уларнинг ҳуқуқбузарлик содир этмаслиги ва жиноят қурбонига айланиб қолмаслиги учун масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шундан сўнг Янгиер шаҳар Қўриқлаш бўлимида тунги хизмат фаолияти ўрганилди. Қўриқлаш ходимларига айниқса криминоген вазияти оғир маҳаллаларда қўриқни кучайтириш, патруллик йўналишларини кўпайтириш ва чақирувларга ўз вақтида етиб бориш юзасидан топшириқлар берилди.
Бошқарма бошлиғининг навбатдаги ташрифи Янгиер шаҳар Ички ишлар бўлимида бўлди.
У ерда навбатчилик қисмида ташкил этилган ситуация маркази фаолияти кўздан кечирилиб, ҳудудда криминоген вазиятни барқарорлаштириш мақсадида ўрнатилган кузатув камераларининг самарадорлигига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, келиб тушган хабарлар асосида тезкор-тергов гуруҳининг воқеа жойига чиқиши амалда текширилиб, уларнинг фаолияти назоратдан ўтказилди.
Ўрганишлар якунида мутасаддиларга жамоат тартибини сақлаш ва аҳоли осойишталигини таъминлаш бўйича қўшимча кўрсатма ва вазифалар юклатилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати