Сирдарё вилояти ИИБ раҳбарияти Оқолтин туманида: Маҳалла еттилиги фаолияти ўрганилди, аҳолининг долзарб муаммолари эшитилди
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи томонидан жиноятчиликни барвақт олдини олиш, ҳудудларда криминоген вазиятни барқарор сақлаш, аҳоли муаммоларини жойида ўрганиб, уларга амалий ечим топиш мақсадида Оқолтин туманидаги А.Навоий маҳалласида манзилли ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жараёнлар давомида бошқарма бошлиғи маҳалла еттилигининг ўзаро ҳамкорликда олиб бораётган фаолияти билан яқиндан танишди.
Ўрганишлар чоғида А.Навоий маҳалласида жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини ошириш, ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, ўқувчиларнинг мактабга мунтазам қатнашишини таъминлаш, ҳудудни рақамлаштириш ҳамда фуқароларни доимий бандлигини таъминлаш орқали жиноятчиликни олдини олишга эътибор қаратиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.
Шунингдек, Президентимизнинг 2025-йил 3-январдаги ПҚ–1-сонли қарори асосида маҳаллаларда ижтимоий профилактика тизимини такомиллаштириш, маҳалла еттилиги фаолиятини кучайтириш ва ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати ҳам кўриб чиқилди.
Аниқланган муаммолар юзасидан тегишли ташкилот ва мутасаддиларга аниқ топшириқ ҳамда тавсиялар берилди.
Ташриф давомида бошқарма бошлиғи аҳоли вакиллари билан бевосита мулоқотга киришиб, “уйма-уй” юриш орқали уларнинг яшаш шароити, ижтимоий аҳволи, кундалик ҳаётда дуч келаётган муаммолари ва эҳтиёжларини манзилли ўрганди. Суҳбат давомида фуқароларнинг мурожаатлари тингланиб, айрим муаммолар жойида ҳал этилди, қолган масалалар бўйича масъулларга зарур чоралар кўриш топшириғи берилди.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати