Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи Гулистон туманида жиноятчиликка қарши курашиш ишлари билан танишди
Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи, полковник Фарух Хайдаров Гулистон туманида бўлиб, аҳоли осойишталигини таъминлаш, жамоат тартибини сақлаш, жиноятчиликка қарши курашиш ҳамда криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳолати билан танишди.
Ташриф доирасида бошқарма бошлиғи дастлаб Гулистон туман Ички ишлар бўлимида бўлиб, ҳудудда жорий йилнинг 8 ойи давомида содир этилган жиноятлар, уларнинг сабаблари, аниқланган муаммолар ва уларни бартараф этиш бўйича белгиланган чора-тадбирлар ҳақида тақдимот билан танишди. Тақдимотда, шунингдек, жиноятчиликнинг олдини олиш, ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш йўналишидаги амалга оширилаётган ишлар ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Туман ИИБ ҳузурида ташкил этилган ситуацион марказ фаолияти ҳам бошқарма бошлиғи томонидан кўздан кечирилди. Хусусан, марказ орқали аҳоли гавжум ҳудудлар, савдо мажмуалари, ижтимоий соҳа объектларига ўрнатилган кузатув камераларининг ишлаши, уларнинг узлуксиз ва тизимли мониторинги, ҳақиқий вақт режимида тартибни назорат қилиш имкониятлари алоҳида эътиборга олинди.
Бошқарма бошлиғи Президентимизнинг 1-сонли қарори ижроси доирасида белгиланган вазифаларнинг ижроси бўйича ҳам мутасаддиларга аниқ топшириқлар берди. Жумладан, жиноятчилик юқори бўлган «қизил» тоифадаги маҳаллаларда хавфсиз кўчалар ва йўлаклар барпо этиш, тунги вақтда патруллик кучларини кўпайтириш, маҳаллий фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, ижтимоий профилактика ишларини тизимли равишда йўлга қўйиш, оила муаммолари сабаб юзага келаётган жиноятларнинг олдини олиш мақсадида ижтимоий кўмакка муҳтож оилалар рўйхатини шакллантириш ва улар билан манзилли ишлаш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф доирасида бошқарма бошлиғи Гулистон туманидаги «Чортоқ» маҳалласида жойлашган 40-сон манзил колониясида ҳам бўлди. У ерда маҳкумлар учун яратилган яшаш ва меҳнат шароитлари, уларнинг саломатлиги, ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимояси билан боғлиқ ишлар кўздан кечирилди. Шунингдек, маҳкумларни касб-ҳунар ўрганишга жалб этиш, уларни ижтимоий ҳаётга қайта мослаштириш борасида йўлга қўйилган ишлаб чиқариш жараёнлари, ўқув курслари билан яқиндан танишилди.
Учрашув якунида бошқарма бошлиғи тегишли йўналишлар бўйича масъулларга жиноятчиликка қарши курашиш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлаш борасида аниқ вазифаларни юклаб, бу борада самарадорликни янада ошириш лозимлигини таъкидлади.
Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати