15 Август 2025 йил 382

Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи Ширин шаҳрида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ишлари билан танишди

Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Ширин шаҳрининг «Амир Темур» маҳалласида бўлиб, ҳудудда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ҳамда жамоат тартибини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан танишди.

Ташриф давомида Давлатимиз раҳбарининг ПҚ 1- сонли қарори ижросига алоҳида эътибор қаратилди. Маҳаллада истиқомат қилаётган алоҳида тоифадаги шахслар рўйхати ўрганилиб, улар билан олиб борилаётган индивидуал тарбиявий ва ҳуқуқий ишларнинг самарадорлиги таҳлил қилинди. Шу мақсадда бошқарма бошлиғи бевосита ушбу шахсларнинг уйларига бориб, турмуш шароити, мавжуд муаммо ва эҳтиёжлари билан яқиндан танишди ҳамда уларга ҳуқуқий маслаҳат ва амалий ёрдам кўрсатди.

Шунингдек, маҳалла фаоллари, профилактика инспекторлари ва бошқа масъуллар иштирокида аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни ошириш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликка мойилликнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишда жамоатчилик билан ҳамкорликни кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида ҳудудда профилактик чора-тадбирларни янада кучайтириш, ҳуқуқбузарликка қарши курашнинг самарали механизмларини жорий этиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий онгини ошириш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Сирдарё вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech