Сирдарё вилояти 3-сектор раҳбари, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи Сайхунобод туманида олиб борилаётган ғалла ўрим-йиғим тадбирлари билан яқиндан танишди.
Хабарингиз бор, айни кунларда Республикамизнинг барча ҳудудлари каби Сирдарё вилоятида ҳам “Ғалла-2024” ўрим-йиғим мавсуми бошланиб, қизғин паллага кирмоқда. “Ғалла-2024” тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил этиш, етиштирилган дон маҳсулотини нес нобуд қилмасдан йиғиб териб олиш, ўриб олинган дон маҳсулотларини даладан дон қабул қилиш пунктига қадар хавфсиз ташиш, турли талон - торожликларга йўл қўймаслик ва бунда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш чораларини кўриш бугунги куннинг энг долзарб вазифаси ҳисобланади. Шунингдек, мазкур тадбирлар давомида ғалла ўрим комбайнлари, дон маҳсулотларини ташиш учун мўлжалланган юк машиналари ва бошқа ёрдамчи техникаларнинг талаб даражасида ишлаши ҳам муҳимдир.
Бу борадаги ишларни яқиндан ўрганиш мақсадида, Ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Санджар Джабаров масъул раҳбарлар билан биргаликда Сайхунобод туманига бориб, фермер хўжаликларининг ер майдонларида экиб етиштирилган ғалланинг ўрим- йиғим ишлари, механизатор ва тадбирга жалб этилган бошқа куч-воситаларга яратилган шароитлар, дон қабул қилиш масканида ташкил этилган тизимли ишлар, ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинганлиги борасидаги амалга оширилган ишларни жойига чиқиб ўрганди.
Ўрганишлар давомида ғалла талон-торожи билан боғлиқ нохуш ҳолатларни олдини олиш профилактик ишларига жалб этилган ходимларга тегишли йўриқномалар берилиб, фермер хўжаликлари масъуллари билан ўрим мавсуми билан боғлиқ муаммоли масалаларни муҳокама қилди.
Шунингдек, ғалла ҳосилини нес-нобуд қилмасдан йиғиб олиш ва давлатга дон топшириш режасини бажариш борасидаги ўрим-йиғим тадбирларини ташкиллаштириш, ғалла ҳосилини талон-торож қилиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик ҳолатларини олдини олиш, бунда транспорт ва техника воситаларининг созлиги, ишчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш борасидаги профилактик тадбирларни кучайтириш борасида масъулларга ўзининг бир қатор кўрсатма ва топшириқларини берди.