25 Апрел 2022 йил 318

"Шоирни хотирлаб..."

Ўзбек халқининг эрка, самимий, соҳир сатрлар соҳиби бўлган ардоқли шоири Муҳаммад Юсуф агар ҳаёт бўлганида бу йил 68 баҳорни қарши олган бўларди.

Муҳаммад Юсуф...Бу номни эшитганимизда ҳар биримизнинг қалбимизда бир соғинч, бир орзиқиш пайдо бўлади. Негаки ҳар бир мисралари қўшиққа айланган, халқимиз қалбидан жой олган бу буюк шоирни айни кунларда, таваллуди муносабати билан ёд этиб хотирлаш биз мухлисларнинг бурчимиздир. Жорий йилнинг 22 апрель куни ИИВ Сирдарё академик лицейида “Маънавият ойлиги” доирасида Сирдарё тумани Маданият бўлими ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган "Шоирни хотирлаб..." номли адабий-маърифий тадбир ҳам ўқувчилар маънавиятини юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди.

Тадбирни академик лицей директори майор Ғ.Ж.Абдуллаев шоир ижодига бўлган самимий эҳтиром сўзлари билан очиб берди. Шундан сўнг тадбирнинг бадиий қисмига навбат берилди. Туман маданият бўлими «Ёшлик» ашула ва рақс ансамблининг хушовоз хонандаси Шерали Худойбердиевнинг Муҳаммад Юсуф сўзи билан ижро этилган "Биз бахтли бўламиз" қўшиғи даврага кўтаринки кайфият бахш этди.

Академик лицейнинг фаол ўқувчилари томонидан шоир қаламига мансуб гоҳ маҳзун, гоҳ қувноқ, гоҳ инсонни ўйга толдирувчи дардчил сатрлар куйлар ҳамоҳанглигида ижро этилди.

Маданият уйининг вакиласи ижросидаги «Қизғалдоғим» қўшиғига лицей ўқувчиси Анварбекова Моҳинур томонидан тайёрланган рақс ҳамманинг дилига шодлик берган бўлса, 204-гуруҳнинг аълочи ўқувчиси Ҳайдаралиев Абдушукур ёддан айтган "Осмоннинг охири" достонининг фалсафий мазмуни йиғилганларни ўйга толдирди.

Шоир шеърларида Абдулла Қодирийнинг "Ўтган кунлар" романи қаҳрамонлари-Отабек, Кумуш, Зайнабнинг дардли нолалари янграши кўпчилик китобхонларимиз маълум. Саҳнада академик лицей ўқувчиларининг Отабек, Кумуш, Зайнаб тимсолларида пайдо бўлиши, Муҳаммад Юсуф орқали ўз дардларини куйлаши йиғилганларга жуда ҳам манзур бўлди.

Тадбир якунида Ўзбекистоннинг машҳур хонандаси Севара Назархон ижросида "Адойинг бўлгаймиз сени Ўзбекистон" қўшиғининг куйланиши, ўқувчиларнинг барчасининг қўшиққа жўр бўлиши, уларнинг қалбида ҳарбий ватанпарварлик туйғусини яна бир бора мустаҳкамлади.

"Шоирни хотирлаб" номли адабий-маърифий тадбир академик лицей ўқувчиларида, ўқитувчиларида, меҳмонларда катта таассурот қолдирди.

Text to speech