Республика ишчи гуруҳи Гулистон шаҳрида ўрганишларини давом эттирмоқда.
Аввал хабар қилинганидек, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раҳбарлигидаги ишчи гурнинг Президентнинг 03.01.2025 йилдаги ПҚ-1-сон қарори ижроси юзасидан амалга оширилган ишларни галдаги ўрганишлари Гулистон шаҳрида бўлиб ўтди.
Ўрганишда, Гулистон шаҳар “Шодлик” маҳалласида ушбу қарор ижроси бўйича ташкил этилган идоралараро мувофиқлаштирув штаб фаолияти, “маҳалла еттилиги” ва “ижтимоий профилактика”га масъул бўлган мутасаддилар томонидан олиб борилаётган амалий ишлар кўриб чиқилди.
Хусусан, “Шодлик” маҳалласида ўрнатилган 17 та видеокузатув камераларининг ИИБ ҳамда Миллий гвардиянинг бўлинмаларига интеграция қилинганлиги, ҳудудда ёритиш чироқлари ҳамда кўп қаватли уйларга электрон қулфлар ўрнатилганлиги, “намунали хавфсиз йўлак” ва “намунали хавфсиз кўча”лар ташкил этилганлиги шунингдек, маҳалла ҳудудига ўрнатилган ташвиш тугмаси асосида ҳозир бўладиган “Тезкор ҳаракатланувчи гуруҳ” фаолияти ҳам ўрганилди.
Жорий йилнинг 1-чорагида ҳудудда содир этилган 2 та ўғрилик жиноятининг айнан видеокузатув камераси имкониятларидан фойдаланилган ҳолда фош этилганлиги алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари, “Шодлик” маҳалласида жиноятчиликни жиловлаш ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш борасида намунавий ўрнак кўрсатиб, ижобий натижаларга эришган 3 нафар маҳалла фидойилари (нуроний онахонлар) ҳамда ўз вазифаларига масъулият билан ёндашган 1 нафар профилактика инспекторини рағбатлантириш юзасидан тавсиялар берилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давом этмоқда.