Президент қарори ижроси амалда
Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Б.Валиев раислигида Сирдарё вилояти прокурори С.Иматов, вилоят ИИБ бошлиғи Ф.Хайдаровлар иштирокида тергов сифатини яхшилаш бўйича берилган топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан ёш мутахассис ходимлар, терговчилар ва тергов тармоқлари ходимларининг амалий билим кўникмаларини ошириш бўйича тадбир ўтказилди.
Тадбирда, вилоят прокуратураси органлари, Департаментининг вилоят бошқармаси ҳамда ИИБ Тергов бўлими терговчилари, Давлат молиявий назорати бошқармаси тафтишчилари, Солиқ бошқармаси аудитлари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза маркази вилоят бўлими мутахассислари ҳамда суд-тиббий экспертлари қатнашишди.
Йиғилишда Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари томонидан соҳада тергов сифатини ошириш, ёш мутахассислар ва тергов тармоқлари ходимларининг касбий кўникмаларини шакллантириш, терговга қадар текширув ва тергов ҳаракатларини олиб боришда жиноят процессуал-қонунчилигига қатъий риоя қилиниши кўрсатиб ўтилиб, йиғилиш кун тартибига қўйилган масалалар бугунги кунда долзарблиги, прокуратура, Департамент ва Ички ишлар органлари томонидан дастлабки тергов, суриштирув ва терговга қадар текшириш давомида ҳамон хато ва камчиликларга йўл қўйилаётганлиги, келгусида ушбу ҳолатларни бартараф этиш ва тергов сифатини яхшилашга қаратилган аниқ манзилли чора тадбирлар белгиланди.
Тадбир ўқув-амалий семинар шаклида ўтказилиб, унда транспорт воситалари ҳаракати ва улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятлар бўйича кечиктириб бўлмайдиган тергов ҳаракатларини ўтказиш, бу борада далиллар тўплаш, текшириш ва баҳолашда экспертиза ўтказиш тартиби (экспертиза тайинлаш ва ўтказиш шарт бўлган ҳолатлар, қўшимча ва қайта экспертизалар ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари) ҳамда иқтисодиёт соҳасидаги жиноятларни тергов қилишда “Тафтиш тайинлашнинг процессуал тартиби ва ўтказиш тактикаси” тўғрисида мутахассисларнинг маърузалари тингланди ва тадбир иштирокчиларнинг қизғин баҳс ва мунозарали билан якунланди.
Бу борадаги тадбирлар давом эттирилмоқда.