Мукаммал эгалланган билим инсонни комилликка етаклайди. Ёшларни етук мутахассис бўлиши каби улуғвор мақсадлар эса олий таълимга ўқишга киришдан бошланади.
Жорий йилнинг 1 июн куни ИИВ Сирдарё академик лицейида Нукус инновацион институтининг Сирдарё филиали ўқув ишлари бўйича проректори Ш.Мадраҳимов, ўқув услуби бошқаруви бошлиғи Ж.Каримов ҳамда бош ҳисобчи Н.Худойқуловлар иштирокида тарғибот-ташвиқот тадбири ўтказилди. Муассаса вакиллари Нукус инновацион институтида таълим олиш учун кенг имкониятлар, қулай шарт-шароитлар ва замонавий моддий-техника базаси билан таъминланганлиги тўғрисида айтиб ўтдилар. Шунингдек, институтда бошланғич таълим, мактабгача таълим, педагогика ва психология, молия ва молиявий технология, дастурий инженерлик, филология (инглиз тили), бухгалтерия ҳисоби ва аудит йўналишлари бўйича таҳсил олишлари мумкинлигини, қолаверса 3-босқичда аъло баҳоларга ўқиган талабаларни Латвия, Корея, Туркия, Россия каби давлатларда ўқиш имкониятларига эга бўлишлари ҳамда ҳар бир йўналиш бўйича 2 (икки) тадан грант ажратилганлиги тўғрисида маълумот беришди. Йиғилиши сўнггида ўқувчилар ўзлари қизиқтирган саволларга жавоб олишди ҳамда келгусида олийгоҳга ўқишга топшириш ниятларини билдиришди.
Бу каби тарғибот ва ташвиқот ишлари ўқувчиларнинг ўзларига керакли соҳани танлаб ҳужжат топширишларида муҳим аҳамият касб этади.