МАСТEР-КЛАСС МАШҒУЛОТЛАРИ ДАВОМ ЭТМОҚДА
Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматларининг Академияда малакали кадрларни тайёрлашдаги фаолиятини тизимли ташкил этиш тўғрисида”ги 2021 йил 25 августдаги 298-сонли буйруғига мувофиқ, барча вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан ҳар ойда камида бир маротаба Академия бакалавриати кундузги таълим шаклига тегишли ҳудуддан жамланган курсантлар билан ҳудуднинг криминоген вазияти ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишнинг долзарб масалалари бўйича онлайн мастер-класс машғулотлари ўтказиб борилиши белгиланган.
Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида, ИИВ Академияси курсантларига Сирдарё вилояти ИИБ бошлиғи ўринбосари – Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғи подполковник Ш.С.Эршашов бошчилигида тегишли соҳавий хизмат ходимлари иштирокида “Профилактика инспекторлари томонидан расмийлаштирилган терговга қадар текширув ҳужжатлари суд томонидан тугатилганлик ҳолатлари (МЖтКнинг 271-моддаси 1-11 бандлари), бу борада кузатилаётган камчиликлар”, “Қидирувдагилар, бедарак йўқолган шахсларни қидириб топиш, шахси номаълум мурдаларнинг шахсига аниқлик киритиш борасида тезкор-қидирув хизмати ходимларининг соҳавий хизматлар билан ўзаро ҳамкорлиги ҳамда ушбу соҳада учраётган долзарб муаммолар” ва “Ўғрилик, фирибгарлик жиноятларида воқеа жойини кўздан кечиришда эксперт-криминалистика ходимларининг бошқа соҳавий хизматлар билан ҳамкорлиги” мавзуларида онлайн мастер-класс машғулотлари ўтказилди.
Ўтказилган ушбу машғулотларда Академия курсантларига жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишда амалиётда олиб борилаётган ишлар, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тадбирлар ҳамда тизимда эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда қилинаётган ишлар бўйича тўлиқ тушунчалар берилди.
Машғулот якунида курсатнлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мастер-класс иштирокчиларига мурожаат қилиб, мавзу юзасидан тўлиқ жавоблар олишди.