22 Апрел 2022 йил 275

“Маънавият ойлиги” доирасида Сирдарё вилояти ички ишлар органлари ходимлари театрга ташриф буюрдилар.

Ватанига ва оиласига садоқат, меҳр-муҳаббат руҳида фидойилик билан хизмат олиб бораётган бугунги кун ички ишлар органлари ходимлари ҳар томонлама давлатимиз томонидан муносиб равишда қўллаб-қувватланиб келинмоқда.

Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига, фарзандларига яратилаётган улкан шарт-шароитлар ҳамда кенг имкониятлар билан бир қаторда улар учун алоҳида маънавий-маърифий ва кўнгилочар дастурлар ҳам ташкил этилмоқда.

Жумладан, жорий йилнинг 2 апрель кунидан 2 май кунига қадар ички ишлар органларида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш-олий бурчимиз” шиори остида ўтказилаётган “Маънавият ойлиги” доирасида Сирдарё вилояти ички ишлар органларида хизмат олиб бораётган ходимларнинг дам олиш кунларини оиласи ва фарзандлари билан мароқли ҳамда сермазмун ўтказиш мақсадида Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбариятининг ташаббуси билан ходимлар ва уларнинг оила аъзоларига, яқинлари учун Сирдарё вилояти мусиқали драма театрининг ижодий жамоаси томонидан спектакль намойиш этилди.

Ташкил этилаётган бу каби маънавий-маърифий тадбирлар ва кўнгилочар дастурлар ҳар бир ходимни ватанига, халқига, ва оиласига бўлган садоқатини янада мустаҳкамлаб, халқ манфаатлари йўлида пок ва ҳалол хизмат олиб боришини таъминлайди.

 Сирдарё вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати.

Text to speech