18 Май 2022 йил 251

Лицейда Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Йигирмадан ортиқ шеърий тўпламлар, достонлар ва публицистик мақолалар соҳибаси, истеъдодли шоира Ҳалима Худойбердиева таваллудининг 75 йиллиги муносабати билан ИИВ Сирдарё академик лицейида “Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!” мавзусида маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.

Тадбирда Гулистон давлат университети адабиётшунос олимлари, лицей профессор-ўқитувчилари, ўқувчи ёшлар қатнашди. Тадбирни очиб берган лицей директори майор Ғ.Ж.Абдуллаев Сирдарё халқининг буюк фарзанди ва Ўзбекистон халқ шоираси Ҳалима Худойбердиева ўзининг сермазмун, бадиий юксак шеър ва достонлари ҳамда долзарб мавзуларга  бағишланган публицистик мақолаларида азиз Ватанимиз ва халқимизга, азалий қадриятларимизга меҳр ва садоқат, мўътабар аёл ва она сиймосига эҳтиром туйғуларини беқиёс маҳорат билан тараннум этганлигини таъкидлаб ўтди.

Ёрқин истеъдод эгаси, улкан сўз санъаткори Ҳалима Худойбердиева ўзбек шеъриятига самимий инсоний туйғу ва фазилатлар – севги садоқат, меҳр ва мурувватни тараннум этувчи шоира, ўзбек хотин-қизлари орзу ва армонларининг куйчиси сифатида кириб келди, – деди Гулистон давлат университети Ўзбек адабиётшунослиги кафедраси ўқитувчиси, филология фанлари бўйича фалсафа доктори Тўйчиев Абдунаби Худойбердиевич. – Шоира шеърларида севги-садоқат, меҳр ва мурувват туйғуларини тараннум этаркан, улар орқали ўзбек хотин-қизларининг орзу ва армонларини изҳор қилади. Ва айни пайтда лирик қаҳрамон ўй-хаёлларини, унинг ички кечинмаларини ёрқин ифодалайди. Бу билан у замондошларида аёлларга нисбатан ҳурмат ва муҳаббат ҳисларини учқунлантиришга интилади. Шоира қаламига мансуб “Муқаддас аёл”, “Дориломон кунлар келди” ва шу каби шеърлари асосида куйланган қўшиқлар халқимиз томонидан доимо севиб тингланади. Шунингдек, адабиётшунос олим А.х.Тўйчиев томонидан ўқувчи ёшлар ўртасида ноанъанавий тарзда викториналар ўтказилиб, буюк шоирамизнинг ҳаёти ва ижоди, фаолияти ҳақида қизиқ саволларга жавоблар умумлаштирилди.

Шундан сўнг лицей ўқувчилари томонидан Ҳалима Худойбердиева ижодидан шеърларни ёд айтишиб, тадбир иштирокчиларининг олқишларига сазовор бўлишди.

Қон аслан ёруғлик. Ёруғлан, тиз чўк.

Асл мард Ватанга тиз чўкиб ўтар.

Қанча қонинг бўлса, Ватан учун тўк,

Қанча шонинг бўлса – Ватанни кўтар!

Шоиранинг бу каби шеърлари ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшиши шубҳасиздир.

Text to speech