Лицейда “Қўл телефони va ижтимоий тармоқларнинг ёшлар маънавиятига таъсири” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Бугунги глобаллашув жараёнида ахборот технологиялари, айниқса, интернет ёшлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди. Интернетга янгиликлардан хабардор бўлиш, дўстлар билан мулоқот қилиш, мусиқа ёки фильм ёзиб олиш учун кираётган ёшлар “Оммавий маданият” ниқоби остидаги маънавий таҳдидлар ҳужуми остида қолаётганларини сезмай қолишяпти. Ёшларни бундай таҳдидлардан ҳимоя қилишнинг ягона йўли эса уларда қўл телефонларидан ва ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш, ахборот, хабар ва маълумотларни таҳлил қилиш кўникмаларини шакллантириш, яъни, маънавий иммунитет ҳосил қилишдир.
Шу мақсадда ИИВ Сирдарё академик лицейида “Қўл телефони ва ижтимоий тармоқлар ёшлар маънавиятига таъсири” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирга Республика Маънавият va маърифат маркази Сирдарё туман бўлинмаси бош мутахассиси И.Қосимов ҳамда Сирдарё вилояти диний қўмитанинг Сирдарё туманидаги бош мутахассиси Ж.Раҳматуллаев ташриф буюрди.
Ўсмирлар ҳаётининг муҳим таркибига айланаётган уяли телефонлар зарарли бўлса ҳам ундан бутунлай воз кечиб бўлмайди. Балки ёшларнинг орасида фойдаланиш маданиятини шакллантириш керак, бинобарин, бугунги давр биздан дунё миқёсида бўҳтон ва уйдирмаларни тарқатиш орқали ёшларимизни алдаб, ўз қармоғига илинтиришга интилаётган ижтимоий тармоқлардаги турли салбий ҳолатларга ҳеч қандай имкон бермаслигимизни талаб этмоқда, дейди - Республика Маънавият ва маърифат маркази Сирдарё туман бўлинмаси бош мутахассиси Иброҳим Қосимов.
Шунингдек, давра суҳбатида ўқувчи-ёшларга уяли алоқанинг зарарли оқибатлари, ундан тўғри фойдаланиш тартиби, турли хил диний экстремистик мазмундаги гуруҳларга қўшилиб қолмаслик, ахлоқсизликни тарғиб қилувчи сайтларга кирмаслик тўғрисида, унингдек, қўл телефонидан мунтазам фойдаланиш инсон саломатлигига жиддий зарар келтириши ҳақида сўз юритилди.