Юксак касбий билим, кўникма ва малака самарали амалиёт гарови
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар доирасида аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш ҳамда жамиятимизда қонунга итоаткорлик маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги 2021 йил 15 апрелдаги ПҚ-5076-сон қарори ҳамда Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар органларида узлуксиз ўқув-карьера жараёни тизимини ташкил этиш тўғрисида”ги 2021 йил 27 августдаги 310-сон буйруғи, 2025 йил давомида ички ишлар органлари ходимларини ўқитишни ташкил этиш мақсадида Ички ишлар вазирининг 2024 йил 12 декабрь куни 424-сонли фармойишлари ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти ички ишлар органларининг 50 нафар тезкор-қидирув хизмати ходимлари билан жорий йилнинг 13 январь кунидан 18 январь кунига қадар сайёр малака ошириш ўқув курслари ташкил этилмоқда.
Мазкур ўқув курсининг асосий мақсади ходимларда хизмат мажбуриятларини самарали бажаришлари учун касбий билимларини хотирлаш, янгилаш, чуқурлаштириш ҳамда кўникма ва маҳоратларини оширишни узлуксиз таъминлаш, шунингдек, тезкор бўлинмалар хизматлари фаолиятида мавжуд бўлган муаммо ва камчиликларни бартараф этишга қаратилган кўникмаларни шакллантиришдан иборатдир.
Ўқув курсларини сифатли ҳамда самарали ташкил этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ИИВ Малака ошириш институти бошлиғи полковник Ахмедов Олимжон Турсунбоевич бошчилигида институт профессор ўқитувчилари: институт Махсус-касбий фанлар кафедраси бошлиғи, сиёсий фанлар доктори подполковник Хатамов Фарход Фахриддинович, кафедраси бошлиғи ўринбосари полковник Ахмедов Ислом Бахтиёрович, катта ўқитувчилари подполковник Ғаниев Ботир Мухитдинович, подполковник Одилов Нодирбек Одил ўғли лар ташриф буюришиб, ўқув курсларига жалб этилган Сирдарё вилояти ИИБдан 45 нафар, ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти - тармоқ ички ишлар органлари Сирдарё вилояти транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармасидан 2 нафар ҳамда вазирлик ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментидан 3 нафар тезкор-қидирув хизмати ходимлари билан ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашишди.
Дастурга кўра, вилоят Ички ишлар органларининг тезкор бўлинмалари офицер ходимлари билан сайёр малака ошириш ўқув курслари модул тизими асосида амалга оширилиб, машғулотларда профессор-ўқитувчилар томонидан инновацион педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини қўллаш орқали, уларнинг билимлари, касбий тайёргарлиги, ўқув ва амалий кўникмаларини юксалтиришга эътибор қаратилмоқда.