4 Август 2020 йил 2604

Янги Фуқаролик кодексда айирбошлаш ва ҳадя бўйича қандай ўзгаришлар кутилмоқда?

Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти томонидан Президентимизнинг 2019 йил 5 апрелдаги фармойиши билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси асосида янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳага айирбошлаш ва ҳадя қилиш билан боғлиқ янги нормалар киритилмоқда.

Айирбошлаш бўйича киритилаётган ўзгартиришлар

Амалдаги Фуқаролик кодексининг 497-моддасида автомототранспорт воситалари бўйича тузиладиган айирбошлаш шартномасининг алоҳида тартиби белгилаган. Яъни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим бўлган автомототранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаси нотариал тасдиқланган бўлиши керак. Автотранспорт воситаси оддий ҳаракатланувчи ашё, яъни кўчар  мол-мулк ҳисобланади ҳамда унга нисбатан умумий қоидалар (умумий нормалар) қўлланилиши керак. Айниқса, автомототранспорт воситасини айирбошлаш шартномасининг нотариал тасдиқланиши нафақат қўшимча ҳаражатларни келтириб чиқаради, балки мазкур шартномани давлат рўйхатидан ўтказишни мураккаблаштиради. Вазирлар Маҳкамасининг  2017 йил 31 августдаги қарори билан тасдиқланган Автомототранспорт воситаларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида низомнинг 8 бандига кўра, рўйхатдан ўтказиш ҳаракатларини амалга оширишда, шунингдек, нотариус томонидан битимларнинг тасдиқланишидан олдин кўрикдан ўтказилишида автомототранспорт воситасини рўйхатдан ўтказиш ҳужжатларидаги маълумотлар ЙҲХДХ органлари томонидан олиб қочилган ва ўғирланган автомототранспорт воситалари бўйича маълумотлар базаси билан таққосланади, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига мувофиқ автомототранспорт воситаси бошқа шахсга ўтказилишига тақиқ ёки хатловнинг мавжудлиги юзасидан текширилади. Кўриниб турибдики, нотариус давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида амалга ошириладиган бир хил вазифани бажармоқда. Шартномани нотариал тасдиқлаш автомототранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказишдаги маъмурий чеклов бўлиб, ортиқча оворагарчиликка сабаб бўлади.

Хорижий мамлакатларда (Германия, Франция, Нидерландия, Япония, Корея, Россия Федерацияси, Грузия ва бошқалар) автотранспорт воситалари билан шартномаларни нотариал тасдиқлаш талаб этилмайди. Шундан келиб чиқиб, автотранспорт воситаларини айирбошлаш шартномаларини тартибга солиш қоидаларини мазкур моддадан чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Айирбошлаш шартномаси юридик моҳиятига кўра олди-сотди шартномасига жуда яқин. Шу сабабли, олди-сотди тўғрисидаги умумий қоидалар айирбошлаш шартномасига нисбатан тадбиқ этилади. Хорижий мамлакатларнинг фуқаролик кодексларида, хусусан, ГФРнинг Фуқаролик кодекси 480-моддасида, Нидерландия Фуқаролик кодекси 7:50-моддасида, Испания Фуқаролик кодекси 1541-моддаларида, Франция Фуқаролик кодекси 1707-моддасида айирбошлаш шартномаси бўйича алоҳида белгиланган нормалардан ташқари бошқа барча юзага келган ҳолатлар олди-сотди шартномасидаги умумий нормалар асосида ҳал этилиши белгиланган. Амалдаги Кодекснинг юқорида назарда тутилган ҳуқуқий нормалари юқоридаги давлатларнинг, шунингдек, Корея, Япония каби давлатларнинг Фуқаролик кодексларининг тегишли бобларида мавжуд эмас. 501-модда, яъни айирбошлаш шартномаси бўйича олинган товарларни олиб қўйганлик учун жавобгарлик масаласи мазкур давлатлардан фақат Франция Фуқаролик кодекси VII бобида, Испания Фурақолик кодекси 1540-моддасида белгиланган бўлиб, амалдаги Фуқаролик кодексидан бутунлай фарқ қилувчи нормалар мавжуд. Мазкур давлатлардаги бой тажрибадан фойдаланган ҳолда, шунингдек, тарафларнинг шартнома тузиш эркинлигини кенгайтириш мақсадида мазкур моддалар янги таҳрирдаги Кодекс лойиҳасидан чиқариб ташлаш таклиф этилган.

Маълумот учун: 2019 йил давомида айирбошлаш бўйича барча Иқтисодий судларнинг биринчи инстанциясида жами 4 та иш кўрилган. Шулардан 3 тасида даъво қаноатлантирилган.

Ҳадя шартномасига оид ўзгартиришлар: янги ҳадя модели

Янги таҳрирдаги Кодекс лойиҳасида шартнома тушунчаси таърифидаги ашё, мулкий ҳуқуқ, мулкий мажбуриятлар ўрнига қисқача “мол-мулк” сўзи қўлланилиши таклиф этилган. Бунда, аввало, ҳадя шартномасининг тушунчаси соддалаштирилиб, қуйидаги таҳрирда баён этилди: “Ҳадя шартномасига мувофиқ бир тараф (ҳадя қилувчи) мол-мулкни бошқа тараф (ҳадя олувчи)га унинг рухсати билан текинга мулк қилиб беради”. Шунингдек, мол-мулк ҳадя шартномасининг предмети сифатида кўплаб ривожланган хорижий давлатлар, жумладан, ГФР, Нидерландия, Грузия, Корея, Япония Фуқаролик кодексларида назарда тутилган.

Янги ҳадя модели

Ҳадя этишни ваъда қилиш консенсуал (келишув) шартноманинг хусусияти ҳисобланади. Консенсуал шартномалар ҳуқуқ ва мажбуриятлар тарафларнинг келишувлари асосида қонун талаб қилган шаклда расмийлаштирганлари заҳоти тузилган ҳисобланади ҳамда ашёни келишув тузилган вақтни ўзида беришни талаб қилмайди. Бошқача қилиб айтганда, бирон бир ашёни ёки мулк ҳуқуқини кимгадир текинга бериш ёки уни мулкий мажбуриятдан озод қилиш ваъдаси ҳадя шартномаси деб тан олинмайди. Ҳадя предмети ҳадя шартномаси тузилган заҳоти берилиши лозим. Тарафларнинг ҳадя предметини келажакда беришга келишганлиги юридик кучга эга эмас. Шу сабабли, янги таҳрирдаги Кодекснинг лойиҳасида келажакда ашёларни топширишни назарда тутадиган ҳадя усулини истисно қилиш таклиф этилган.

Ривожланган давлатларнинг бу борадаги хорижий тажрибаси шуни кўрсатадики, ГФРнинг Фуқаролик кодекси 518-моддасига кўра, бажарилиши ҳадя сифатида ваъда қилинган шартнома амал қилиши учун, нотариал тасдиқланиши талаб этилади. Испаниянинг Фуқаролик кодекси 632-моддаси иккинчи қисмига кўра ҳадя шартномаси оғзаки тузилганда, ҳадя бир вақтнинг ўзида берилиши лозим ва ушбу талабнинг мавжуд эмаслиги оғзаки шартноманинг тузилмаган ҳисобланишига сабаб бўлади. Жанубий Кореянинг Фуқаролик кодекси 555-моддасида ҳам ҳадя оғзаки ваъда қилиш билан тузилмаслиги белгиланган. Ҳадяни ваъда қилиш ҳадя этишдан кўзланган мақсадга зиддир. Шу сабабли, юқоридаги давлатлар қонунларида ҳадяни ваъда қилишни ҳадя шартномаси сифатида қабул қилишмаган. Хорижий тажрибага асосланган ҳолда, янги ҳадя шартномаси моделини жорий этиш мақсадида янги таҳрирдаги Кодекс лойиҳасидан ҳадя этишни ваъда қилиш билан боғлиқ 502-модданинг учинчи ва тўртинчи қисмлари чиқариб ташланган.

Худди шу тартиб, яъни ҳадяни ваъда қилиш 506-модда биринчи қисми, шунингдек, 510-модда биринчи ва иккинчи қисмларида ҳам белгиланган. Ҳадя ваъда қилинганида ҳуқуқий ворислик масаласи нормасида ҳам келажакда мол-мулкни топширишни назарда тутилган. Янги таҳрирдаги Кодекс лойиҳасида мазкур нормани чиқариб ташлаш ҳамда мазкур масалаларни тарафларнинг эркин келишуви билан ҳал этиш таклиф этилмоқда.

ГФР, Грузия, Испания, Жанубий Корея Фуқаролик кодексларининг ҳадя бобида ҳадя шартномасига қўйилган алоҳида талаблар мавжуд эмас, шу сабабли ушбу муносабатлар кўпроқ шартнома ёки битимлар учун белгиланган умумий қоидалар билан тартибга солинади. Ҳадя шартномасига қўйилган талабларни соддалаштириш, фуқаролик ҳуқуқи институтларига тааллуқли бўлмаган оммавий ҳуқуқ нормалари, ва шартномавий муносабатларига оид асосланмаган миқдордаги чекловларни бекор қилиш мақсадида юқорида келтирилган хориж тажрибаси асосида ушбу модда чиқариб ташлаш таклиф этилмоқда.

Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасида агар мол-мулкни ҳадя қилиш ҳадя қилувчининг тирикчилик манбаидан маҳрум қилса, масала қандай тартибга солиниши алоҳида белгиланиб, қуйидагича ифодаланган: “Агар мол-мулк ҳадя қилиш ҳадя қилувчининг ёки унинг қарамоғидаги шахсларнинг тирикчилик манбаидан маҳрум қилса, шахс мол-мулкни ҳадя қилишга ҳақли эмас”. Мазкур норма билан ҳадя қилувчининг ҳуқуқларини чеклаш кўзда тутилмаган. Аксинча, ҳадя қилувчининг нотўғри қарори туфайли унинг қарамоғидаги шахсларнинг яшаш шароитини ёмонлашишига йўл қўймаслик мақсади кўзланган. Яъни оила бошлиғи ўз оиласининг тирикчилик манбаи бўлган объектлар, жумладан, транспорт воситаси, уй ҳайвонлари ёки кўчмас мулк объектларини ўз хоҳиши билан ҳадя қилиши тақиқланган. Мазкур ўзгартириш орқали ҳадя шартномаси натижасида жабр кўрган оила аъзолари ҳадя шартномаси бўйича суд тартибида низолашишлари мумкин бўлади. Шунингдек, бу ўзгартириш аслида олди-сотди шартномаси бўлган битимни ҳадя шартномаси сифатида расмийлаштиришнинг олдини олишга ҳам хизмат қилади. Бундай норма Грузия Фуқаролик кодексининг 526-моддасида ҳам мавжуд.

Киритилаётган ўзгартиришлардан кутилаётган натижа қандай?

Янги таҳрирдаги Фуқаролик кодекси лойиҳасининг айирбошлаш ҳамда ҳадя бобларига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар мазкур боблардаги фуқаролик ҳуқуқи институтларига тааллуқли бўлмаган оммавий ҳуқуқ нормалари, хусусий мулк ва шартномавий муносабатларига оид асосланмаган миқдордаги чекловларни, шунингдек, иқтисодиётни бошқаришда маъмурий-буйруқбозлик тамойилларига асосланган, ўз аҳамиятини йўқотган ва эскириб қолган қоидаларни чиқариб ташлашга, бундан ташқари, битимлар институтини такомиллаштириш, ҳадя шартномавий-ҳуқуқий муносабатларининг сифат жиҳатдан янги механизмларини жорий қилиш, шу жумладан айирбошлаш ҳамда ҳадя шартнома турларини оптималлаштириш, ушбу шартномаларни тузиш эркинлигини кенгайтиришга ёрдам беради.

Зафар Эргашев,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги
ҳузуридаги Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти масъул ходими

Text to speech