19 Октябр 2022 йил 317

Ижод мактабида маданий тадбир ташкил этилди

Маълумки, юртимизда 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу қутлуғ сана муносабати билан Ички ишлар вазирлиги тизимидаги таълим муассасаларида “Октябрь ойи -она тили фан ойлиги” сифатида эълон қилиниб, турли маънавий-маърифий тадбирлар, илмий-адабий кечалар ўтказилмоқда. Жумладан, ИИВ Сирдарё академик лицейида ҳам Ўзбек тили байрами кўтаринки руҳда нишонланмоқда. жорий йилнинг 18 октябрь куни ИИВ Сирдарё академик лицейи ҳамда Ҳ.Худойбердиева номидаги ижод мактаби ўқувчилари иштирокида  "Тил-миллат кўзгуси" шиори остида маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди. Тадбирда Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси профессор Қозоқбой Йўлдошев ва таниқли ёзувчи, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Луқмон Бўрихонлар иштирок этди. Адабий кечада ўқувчилар она тилимизга ҳурмат ва муҳаббат руҳини тараннум этувчи шеър ва ғазалларни ифодали ўқиб бердилар. Қўшиқлар куйлаб, мумтоз куйларга рақслар ижро этди. Ёш ижодкорлар томонидан маҳорат билан ижро этилган ўзбек тили тарихини акс эттирувчи саҳна кўринишлари йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Вилоят маданият бошқармаси ходимлари томонидан тақдим этилган куй-қўшиқлар даврага ўзгача шукуҳ бахш этди.

Шунингдек, тадбирдан сўнг лицей ўқувчилари учун Ҳ.Худойбердиева номидаги ижод мактабида ташкил этилган уй музейига саёҳат уюштирилди. Музейда ўқувчи ёшлар шоиранинг қўлёзма, китоб, сурат, фойдаланган буюмлари билан яқиндан танишди.

Бундай тадбирлар ёш авлод қалбида она тилимизга эҳтиром ва муҳаббат ҳиссини тарбиялаб, уларда чин инсоний хислатларни камол топтиришда катта аҳамиятга эга бўлиши шубҳасиз.

Text to speech