ИИВ Сирдарё Академик лицейида “Алишер Навоий шарқнинг буюк шоири, мутафаккири ва давлат арбоби” мавзусида тадбир ташкил этилди.
Тадбирда Сирдарё тумани Ёшлар ишлари агентлиги, Маданият бўлими “Ёшлик-дўстлик” ҳаваскорлар халқ ансамбли, Гулистон давлат университетидан навоийшунос олимлар, лицей профессор-ўқитувчилари, ўқувчи ёшлар қатнашди. Тадбирдан кўзланган асосий мақсад – буюк бобокалонимиз Алишер Навоийни хотирлаш, унинг бой маънавий меросини келгуси авлодларга етказиш ва Навоий каби буюк авлодларни тарбиялашдан иборатдир. Бадиий кечада мутафаккир бобомиз бой маънавий мероси билан инсоният тамаддунига улкан ҳисса қўшганини алоҳида таъкидланди. Хусусан, Навоий асарларида илгари сурилган умумбашарий ғоялар жамиятда инсон қадрини улуғлашга, мамлакат тақдири учун муносиб авлодларни камол топтиришга, ёшларнинг маънавий-ахлоқий фазилатларини юксалтиришга хизмат қилиши айтиб ўтилди.
– Ҳазрат Навоийнинг умрбоқий асарлари асрлар оша дунё халқлари адабиётининг бебаҳо гултожи бўлиб келмоқда, – деди Гулистон давлат университети Филология факультети ўқитувчиси Тўрақулов Рахматжон Зокиржон ўғли. – Бобомиз бутун ҳаётини туркий тил равнақига бағишлади ва ҳақли равишда Уйғониш даврининг етук вакиллари қаторидан жой олди. Жаҳонда Алишер Навоийдек асарлари кенг тарқалган, илмий-тадқиқ қилинган алломалар жуда оз. Шоир ижодига ҳозирги кунда ҳам қизиқиш юқори, унинг девон ва асарлари инглиз, рус, француз, форс, ҳинд, турк, озарбайжон сингари кўплаб тилларга таржима қилиниб, қайта-қайта нашр этилмоқда. Шунингдек, Навоийшунос олим Р.З.Тўрақулов томонидан ўқувчи ёшлар ўртасида ноанъанавий тарзда викториналар ўтказилиб, буюк алломамизнинг ҳаёти ва ижоди, фаолияти ҳақида қизиқ саволларга жавоблар умумлаштирилди. Таъкидлаш керакки, ўқувчиларнинг аксарияти берилган саволларга тўлиқ жавоблари билан ўзларининг буюк мутафаккиримиз ижодига бефарқ эмасликларини намоён этишди.
Сирдарё тумани Ёшлар ишлари агентлиги раҳбари Баратов Хасан Абдуфаттохович эътироф этганидек, буюк аждодимиз меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан кенг кўламли хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Шоир таваллудининг адабиёт байрами сифатида тантана қилинаётгани баркамол авлод таълим-тарбиясида муҳим аҳамият касб этиши шубҳасиз. Тадбир давомида Навоий ғазаллари ўзбек, рус ва инглиз тилларида янгради. Айниқса шоир ҳаёти ва ижоди ҳақидаги саҳна кўриниши, иқтидорли ёшларнинг А.Навоийнинг ижод намуналаридан ёд айтгани ҳамда Сирдарё тумани Маданият бўлими “Ёшлик-дўстлик” ҳаваскорлар халқ ансамбли томонидан Навоийнинг ғазалларига басталанган куй-қўшиқларни ижро этишлари меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
ИИВ Сирдарё Академик лицейи