11 Апрел 2022 йил 309

ИИВ Сирдарё академик лицейида “Темур тузуклари билимдони” танлови ўтказилди.

Амир Темур – ўзлигимизни англаш, миллий анъана ва қадриятларимизни тиклаш борасидаги улуғвор ишларда халқимизга маънавий куч бағишлаб келаётган улуғ сиймолардан биридир. Соҳибқирон таваллуд топган кун мамлакатимизда ҳар йили кўтаринки руҳда кенг нишонланади. Бу йил улуғ саркарда таваллудига 686 йил тўлганлиги ҳамда Республика ички ишлар органларида “Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиз” шиори остида “Маънавият ойлиги” ўтказилаётганлиги муносабати билан ИИВ Сирдарё академик лицейида хам 9 апрель куни “Темур тузуклари билимдони” мавзусида ўқувчилар ўртасида 7 та жамоадан иборат «Заковат» интеллектуал ўйини ўтказилди.

Тадбирни лицей директори майор G‘.J.Abdullaev кириш сўзи билан очиб бериб, буюк саркарданинг жаҳон тамаддуни тарихида тутган ўрни ҳақида тўхталиб ўтди. Тадбирда жамоалар ўзларининг Амир Темур ҳамда Темурийлар даври тарихи, санъати, маданияти ва ижтимоий-сиёсий ҳаёти ҳамда “Темур тузуклари” тўғрисидаги билимларини намойиш этиш орқали ўзаро беллашдилар.

Қизғин мунозара ва баҳсларга бой бўлган билимлар беллашувида ўқувчилар Амир Темурнинг адолатли жамият барпо этиш, халқ фаровонлигини таъминлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга оид эзгу тамойиллари бугун юртимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий, маънавий ислоҳотлар билан ҳамоҳанг эканини алоҳида таъкидлашди. Беллашувда саволларга тезкорлик ва аниқлик билан жавоб берган «Соҳибқирон» жамоаси ғолиб деб топилди.

Шунингдек, ўқувчилар томонидан қўйилган саҳна кўринишлари барчага бирдек манзур бўлди. Тадбирда фаол иштирок этган иштирокчилар фахрий ёрлиқлар ва эсдалик совғалар билан тақдирландилар.

Text to speech