20 Сентябр 2024 йил 4371

ИИВ Академияси курсантлари билан онлайн мастер-класс машғулотлари ўтказилди.

Ички ишлар вазирининг “Ички ишлар вазирлиги соҳавий хизматларининг Академияда малакали кадрларни тайёрлашдаги фаолиятини тизимли ташкил этиш тўғрисида”ги 2021 йил 25 августдаги 298-сонли буйруғига мувофиқ, барча вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқлари томонидан хар ойда камида бир маротаба Академия бакалавриати кундузги таълим шаклига тегишли ҳудуддан жамланган курсантлар билан ҳудуднинг криминоген вазияти ҳамда жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишнинг долзарб масалалари бўйича онлайн мастер-класс машғулотлари ўтказиб борилиши белгиланган.

Мазкур вазифа ижросини таъминлаш мақсадида, жорий йилнинг 19 сентябрь куни ИИВ Академияси курсантларига Сирдарё вилояти ички ишлар бошқармаси раҳбарияти ва тегишли соҳавий хизмат ходимлари иштирокида ““Маҳалла еттилиги”, унинг вазифалари, улар томонидан ҳуқуқбузарлик ва жиноятларни олдини олишда амалга оширилаётган профилактик чора-тадбирлар”, “Ҳозирги кунда содир бўлаётган кибержиноятларнинг турлари ва ушбу турдаги жиноятларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шароитлар” ҳамда “Воқеа содир бўлган жойни кўздан кечиришда терговчининг эксперт-криминалистика ходими билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари” мавзуларида онлайн мастер-класс машғулотлари ўтказилди.

Ўтказилган ушбу машғулотларда Академия курсантларига жиноятчиликка қарши курашиш, жамоат тартибини сақлаш ва ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишда амалиётда олиб борилаётган ишлар, бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда олиб борилаётган тадбирлар ҳамда тизимда эришилган ютуқлар ва мавжуд муаммоларни бартараф этишда қилинаётган ишлар бўйича тўлиқ тушунчалар берилди.

Машғулот якунида курсантлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мастер-класс иштирокчиларига мурожаат қилиб, мавзу юзасидан тўлиқ жавоблар олишди.

Text to speech