14 Май 2022 йил 690

ID-карта – универсал паспорт: барча маълумотлар битта картада

Бугунги кунда кўп вазифали ID-карталар дунёнинг аксар мамлакатларида қўлланиб келинмоқда. Хусусан, 84 та давлат электрон ташувчи қурилма, яъни махсус чипга эга. 105 та давлат эса чипсиз идентификация карталаридан фойдаланади.

Хусусан, бугунги кунда Сирдарё вилояти ИИБ МваФРБ ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан ҳам фуқароларга ушбу қулай ҳужжат, идентификация ID-карталари расмийлаштириб берилмоқда.

Хўш, ID-карта ўзи нима? Ҳозирги ахборотлашув асрида у бизга қандай қулайликларни тақдим этади? Бу ҳужжатни қўлга киритиш учун қандай жараёнларни босиб ўтишимиз керак?

ID карта – шахснинг биографик маълумотлари, рақамли фотосурати, бармоқ излари  ва электрон рақамли имзо калити сертификатини сақловчи пластик карта кўринишидаги ҳужжатдир. Жаҳон тажрибасида бу картадан нафақат шахсни ва фуқароликни тасдиқловчи гувоҳнома, балки банк пластик картаси, ҳайдовчилик гувоҳномаси, очиқ калит, электрон ҳамён сифатида ҳам фойдаланилади.

Давлат раҳбарининг 2020 йил 22 сентябрдаги «Ўзбекистон Республикасида идентификация ID-карталарини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони асосида 2021 йил 1 январдан бошлаб, шахсни рақамли идентификация қилишнинг ягона тизимини жорий этиш, яъни 2011 йилги намунадаги биометрик паспорт ўрнига Ўзбекистон фуқаросининг шахсини ва фуқаролигини тасдиқлайдиган электрон ташувчи қурилмага эга ҳужжат сифатида ID-карталарни жорий этишга киришилди.

ID-карта олиш учун фуқароларимиз Ягона интерактив давлат хизматлари портали (my.gov.uz) орқали ҳам электрон ариза беришлари мумкин. Электрон тарзда мурожаат этишнинг афзаллиги шундаки, сиз миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига келиб, алмаштирилувчи биометрик паспортингизни тақдим этгунга қадар бўлган жараёнлар, яъни биометрик паспортдаги, ота-она тўғрисидаги ва унгача тўлдирилиши талаб қилинувчи маълумотларни онлайн тарзда жўнатасиз. Кейин миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига келиш вақтини ўзингизга қулай кунга белгилашингиз мумкин.

Ҳужжатлар расмийлаштириб бўлингач, базавий ҳисоблаш миқдорининг 89% миқдорида, яъни ҳозирги кун ҳолатига кўра, 240 минг 300 сўм миқдорида тўлов ундирилади.

Авваллари биометрик паспортлар 10 иш кунида расмийлаштирилар эди. Ҳозирги кунда эса ID-карталар Сирдарё вилояти ИИБ МваФРБ ҳамда унинг жойлардаги бўлинмалари томонидан ҳужжатлар қабул қилиб олингач бир иш куни мобайнида тақдим этилмоқда.

Ушбу картанинг жорий этилиши аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш ишини сезиларли даражада осонлаштиради ва оптималлаштиради. Шунингдек, хавфсизлик томони ҳам яхши ишланган: барча маълумотлар шифрланган бўлади.

 Сирдарё вилояти ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бошқармаси

Text to speech