Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё вилоятида комплекс инспекторлик текшируви ўтказилди
Давлатимиз раҳбарининг республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича топшириқларини ижросини таъминлаш мақсадида Ички ишлар вазирлигининг ишчи гуруҳи томонидан Сирдарё вилоятида комплекс инспекторлик текшируви ўтказилди.
Тадбирдан асосий мақсад ҳудудий ички ишлар органлари фаолиятини танқидий ўрганиш ва таҳлил қилиш орқали, уларнинг самарадорлигини ошириш, амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда ечимини кутаётган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.
Хусусан, Ишчи гуруҳ раҳбари томонидан вилоятнинг Сирдарё, Ховос, Мирзаобод туманлари ҳамда Гулистон шаҳрининг криминоген вазияти оғир бўлган қизил тоифадаги маҳаллаларида масъуллар томонидан олиб борилаётган ишларнинг натижадорлиги ўрганилди.
Жумладан мутасаддилар жиноятчилик бир мунча ошганлиги сабабли бугунги кунда қизил тоифадаги маҳаллалар қаторига тушиб қолган Сирдарё тумани “Исломобод” ҳамда Гулистон шаҳри “Шодлик“ маҳалларида бўлишди. У ерда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган масъуллари ва маҳалла еттилиги вакилларига ҳудудда жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши муросасиз муҳитни яратиш, содир этилиши мумкин бўлган жиноятларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш лозимлиги юзасидан қатор кўрсатма ва топшириқлар берилди.
Шунингдек ишчи гуруҳ аъзолари вилоятнинг қўшни Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудуди ҳисобланган Ховос туманида ўрганиш олиб бордилар. У ерда дастлаб чегарага ёндошлар ҳудудлар кўздан кечирилиб, чегара ҳудудларида содир этилиши мумкин бўлган жиноятларга йўл қўймаслик, ҳушёрликни ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган вакилларининг ҳамкорликдаги ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги алоҳида қайд этилди.
Бундан ташқари ишчи гуруҳ аъзолари Ховос туманида қурилиш реконструкция ишлари тугатилаётган Транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси, туман ИИБни биноси кўздан кечириб, ходимлар учун яратилган шароитлар, моддий-техник таъминот, шахсий таркибнинг жанговар шайлигини назоратдан ўтказдилар.
Шунингдек Мирзаобод туманида бўлган ишчи гуруҳ аъзолари вазирликка бириктирилган ва бугунги кунда реконструкция ишлари амалга оширилаётган 25-умумтаълим мактаби фаолияти, Президентимиз ташаббуси билан ўқувчи ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида олиб борилаётган “Долзарб 90 кун” тадбирлари самарадорлигини ўргандилар.
Ишчи гуруҳ аъзолари шунингдек Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Тезкор вазифаларни бажарувчи сафарбарлик отряди, бошқарма Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси ҳамда Кинология бўлинмаси фаолияти билан яқиндан танишдилар. Мутасаддилар томонидан вилоят ҳудудида жамоат тартибини сақлаш, жиноят ва ҳуқуқбузарликни олдини олиш, содир этилган жиноятларни иссиқ изидан фош этиш, криминоген вазият барқарорлигини таъминлаш борасидаги ишлар бирма-бир таҳлил қилинди.
Республика ишчи гуруҳининг Сирдарё вилоятидаги комплекс инспекторлик текшируви якунларига бағишланган танқидий йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда ички ишлар вазирлиги раҳбарияти, вилоят, туман ва шаҳар ички ишлар ҳамда соҳавий хизматлар раҳбарлари ва ўринбосарлари иштирок этишди.
Йиғилишда ички ишлар органлари хизматининг жорий ҳолати, фаолият самарадорлиги, шахсий таркибнинг касбий тайёргарлиги, хизмат интизоми ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги ишлар тўлиқ таҳлил қилинди.
Инспекторлик текширувларидан кўзланган асосий мақсад мавжуд вазиятни танқидий ўрганиб, ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини ошириш, муаммоларини бартараф этиш эканлиги ишчи гуруҳ раҳбари томонидан алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Тадбир жараёнида хизмат фаолиятида юқори натижаларга эришган, аҳоли ҳамда сафдошлари томонидан алоҳида эътироф этилган бир гуруҳ ходимлар Ички ишлар вазирининг буйруғи билан муносиб рағбатлантирилди.
Жумладан, Янгиер шаҳар ИИБ Эксперт-криминалистика гуруҳи катта эксперти подполковник Абдувахоб Абдумовлонов ва Сирдарё тумани ИИБ Тезкор-қидирув хизмати Жиноят қидирув бўлими катта тезкор вакили майор Инаятулла Бойигитовлар “Аъло хизматлари учун” кўкрак нишони билан, Сирдарё вилояти ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Конвой гуруҳи ходими кичик сержант Икромиддин Мингбаев II-даражали “Бенуқсон хизматлари учун”, Янгиер шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи катта терговчиси майор Қахрамон Турсунмуродов III-даражали “Бенуқсон хизматлари учун” кўкрак нишонлари билан, шунингдек Боёвут тумани ИИБ Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси хизмати профилактика инспектори катта лейтенант Комилжон Дусмуратов Ички ишлар вазирининг эсдалик қўл соати билан тақдирландилар.
Тадбир жараёнида хизмат вазифасини намунали ташкил этган Бошқарма Жамоат хавфсизлиги хизмати Хотин қизлар ва ёшлар масалалари бўйича бўлим бошлиғи капитан Мухаббат Хидиралиевага Ички ишлар вазири томонидан миннатдорчилик билдирилди.
Фаолияти давомида жиддий камчиликларга йўл қўйган бир гуруҳ раҳбар ва ходимларга нисбатан интизомий таъсир чоралари кўрилди.
Инспекторлик текшируви натижаларига кўра, вилоят ҳамда туман-шаҳар бўлинмаларига хизматда фойдаланиш учун турли русумдаги 23 дона автотранспорт воситалари тақдим этилди, қўшимча тарзда махсус техник воситалар, компьютер жамланмалари, формали кийим бошлар ажратилиши таъкидланди.
Йиғилиш давомида масъул шахсларнинг ахборотлари тингланди, таклифлар кўриб чиқилди ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.