Ички ишлар вазири ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Сирдарё вилоятига ташриф буюрди.
Ички ишлар вазири ўринбосари — маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш департаменти бошлиғи, генерал-майор Даврон Назармухамедов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Сирдарё вилоятида амалга оширилаётган ишлар билан танишди.
Даст аввал вазир ўринбосари Сирдарё вилояти ИИБ соҳавий хизмат раҳбарлари билан йиғилиш ўтказди. Унда ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилган ишлар ҳисоботи эшитилиб, келгусида амалга оширилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Вазир ўринбосари мутасадди раҳбарлар билан вилоят ҳудудида амалга оширилаётган ишларни ўрганиш мақсадида Сирдарё туманига ташриф буюрди. Ташриф давомида туман Ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмида ташкил этилган ситуацион маркази қурилмаларининг имкониятлари, сўровхона иш фаолияти ҳамда Ички ишлар органлари ходимларининг фаолиятини назорат қилиш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, хизмат шароитлари ўрганилди.
Шундан сўнг вазир ўринбосари туманнинг "Ёшлик" маҳалласида бўлиб, маҳаллада жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича тегишли тавсиялар берди. "Маҳаллада маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, профилактика инспектори, маҳалла ёшлар етакчиси ва маҳалла хотин-қизлар фаоли ўзаро бир бўлиб ҳамкорликда иш олиб борилса, ҳар қандай муаммога барҳам бериш мумкин" - деб таъкидлади вазир ўринбосари генерал-майор Даврон Назармухамедов.